Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида кичик инспектор-кинологларга бириктирилган йигирмага яқин хизмат итлари гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ, ўқ-дори ва портловчи моддалар, шунингдек, валюта қимматликлари ҳамда тамаки маҳсулотлари, синтетик гиёҳванд моддаларни қидириш йўналишларида ўз хизмат вазифаларини ўтамоқда.
Юртимиз сарҳадлари орқали товар моддий бойликларнинг ҳаракати шиддат билан амалга оширилаётган бугунги кунда уларнинг тез ва самарали божхона назоратидан ўтказилиши билан бир ноқонуний товарларнинг ҳаракатига ўз вақтида чек қўйиш ҳам долзарб аҳамият касб этади. Бу каби муҳим вазифаларнинг бехато ва тезкорлик билан бажарилишида бугунги кунда божхона тизимида хизмат итлари кучларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилган.

2024 йил давомида биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги хизмат итлари ёрдамида қарийб 18,5 кг марихуанна, героин, мефедрон ва опий каби гиёҳвандлик воситалари, 770 туп кўкнори, 150 дона психотроп таблетка, 9 дона пневматик қурол, 13 килограммдан ортиқ оғирликда ов қуроллари дробь ва капсуллари, 7 минг донага яқин пиротехника воситаси ва бошқа товарларнинг давлатимиз сарҳадлари орқали кириб келиши ва ички ҳудудда айланмада бўлишига чек қўйилди.

Хизмат итларининг мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашга қўшаётган улуши Божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази томонидан вақтида рағбатлантирилиб келинмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постларида ўз фаолиятини олиб бораётган тажрибали кичик инспектор-кинологларга бириктирилган 3 та хизмат ити марказнинг “Хизмат ити нишони” билан тақдирланди. Улар орасида “Довуд-ота” чегара божхона пости кичик инспектор-кинологи Жолмирза Қарлибаевга бириктирилган “Жесси” лақабли хизмат ити ҳам бор. Рус спаниели “Жесси” хизматда ўзига юклатилган вазифаларни бехато адо этиб, 2024 йилнинг ўзида 5 та ҳолатда мамлакатимизга гиёҳвандлик воситаларининг кириб келишига чек қўйилишида божхоначиларга катта ёрдам берган.

“Нукус-аэропорт” чегара божхона пости кичик инспектор-кинолог Парахат Шарипов қарийб 11 йилдан буён хизмат итлари билан мамлакатимиз сарҳадларида контрабанда ва контрафакт маҳсулотлари ҳамда ноқонуний товар-моддий бойликларнинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олишда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Кинологга бириктирилган “Забар” лақабли хизмат ити мазкур нишон билан тақдирланган навбатдаги қаҳрамондир. Мазкур пост орқали Қозоғистон, Россия, Озарбайжон, Туркия давлатларига авиақатновлар йўлга қўйилган бўлиб, фуқаролар багажларининг белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилиши хизмат итлари қобилиятларидан самарали фойдаланилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири