Мамлакатимизда ҳозирда божхона кўриги жараёнлари "Божхона кўриги" ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда. Бунда божхона кўригини амалга ошираётган ходимлар планшетлардан фойдаланишмоқда.
Мазкур тизим расмийлаштирув вақти ва тадбиркорларнинг харажатларини тежаш, кўрик жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш ва натижаларни қайд этиш имконини беради.
Масалан, тизим орқали тадбиркор божхона кўриги ўтказиладиган жойи ва вақти ҳақидаги маълумотлардан онлайн тарзда воқиф бўлади, кўрик натижаларини иштирокчилар планшет орқали бармоқ излари билан тасдиқлайдилар.

Энг муҳими, бунда божхона ходимларининг иш самарадорлиги ошиб, коррупцион ҳолатларнинг олди олинмоқда.
Аҳамият беринг, "Божхона кўриги" ахборот тизими ишга туширилган 2022 йил 1 декабрь санасидан ҳозирга қадар планшетлар орқали 7 мингдан ортиқ божхона кўриклари расмийлаштирилган. Энг муҳими, бунда божхона кўригига сарфланган вақт қисқарди.

Илгари ҳар бир божхона кўригига кўпи билан 3 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич максимум 1 соат 30 дақиқани ташкил қилмоқда.
Ушбу янгиликни республикамизда божхона тартиботларини соддалаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.
ЎзА