Йилнинг тўрт фаслида ҳам инсониятни ўз бағрига чорлайдиган тоғли Бойсун туманида куз мафтункорлиги билан кўзларни қамаштиради. Куз келиши билан тилларанг япроқлар турли дову дарахтларга маҳзунлик улашаётганга ўхшайди. Мафтункор гўшага келган меҳмонлар олтин куз манзараларидан ўзгача завқ-шавқ туяди.
Табиатнинг тоғли туманда турфа рангларда жилоланадиган гўзал манзаралари қадимдан қўли гул чевар хотин-қизларнинг нафис кашталарида, моҳир усталар яратган турли ҳунармандчилик буюмларида ҳам ўз аксини топиб келади. Бу ерлик ёшу кекса тоғу дала, қиру адирларнинг наботот ва ҳайвонот оламини буюк неъмат сифатида қадрлайди. Ноёб бу фазилат бойсунликларнинг ўтмишдан она табиатга меҳр-муҳаббат билан яшаб, бундай гўзалликдан фахр ҳиссини туйишидан унсиз сўзлаётгандек таассурот уйғотади.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Юнус Холиёровнинг ЎзА учун махсус суратга олган ушбу тасвирларида ҳам Бойсун марказидаги бугунги куз манзаралари ўз ифодасини топган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири