Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судининг ўтган йил 20 октябрдаги буйруғига асосан Б.Болтаевдан бир фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланиб, уни ижро этиш учун МИБ Музработ тумани бўлими иш юритувига юборилган. Шунга мувофиқ давлат ижрочилари мажбурий ижро ҳаракатларига киришган.
Вояга етмаган жигарбандининг моддий таъминотига бефарқ бўлган ота давлат ижрочисининг тегишли огоҳлантиришларига қарамай, алимент тўлашдан бош тортиб қочиб юрган. Шу боис алиментчи қочоқ отага қидирув эълон қилинди.
МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари чоғида Б.Болтаев Бойсун туманидан топилиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун Бюронинг туман бўлимига топширилди. Шу ерда дастлаб унга алимент тўлашдан бош тортгани учун қонунда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилгани чуқур тушунтирилди. МИБ ходимларининг маслаҳатидан тўғри хулоса чиқарган Бурхонбой Муборак Рамазон ҳайити арафасида фарзанди учун тўланиши лозим бўлган 7 ойлик алимент пули, яъни 4 миллион 735 минг сўм қарзини тўлиқ тўлаб берди.
Давлат ижрочилари алиментчи отага нисбатан эълон қилган қидирув қарорини бекор қилиб, вояга етмаган фарзанд ҳаётида моддий таъминотнинг ўрни ва уни ўз вақтида тўлаб боришнинг аҳамиятини тушунтирди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА