Ижтимоий тармоқларда Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) газ конида яна водород сульфид отилиб чиқиши билан боғлиқ техноген ҳодиса содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълумотларга кўра, бугун, 5 май куни соат тонги 6:10 да “Мустақиллик-25 йиллиги” конидаги 202-қудуқда таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилган.
Таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг тарқалиши олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилди. Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.
Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳудудни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси ҳамда очиқ нефт ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари доимий назорат қилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмайди.
Жорий йилнинг 27 март куни ҳам мазкур қудуқда таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг чиқиши қайд этилган эди. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган. 22 апрель куни қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган, ҳодиса жойида газнинг суст оқими (грифон) кузатилган эди.
Аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари ҳамда хориждан жалб этилган мутахассислар иш олиб бормоқда.
Ҳар бир ҳолат бўйича қўшимча маълумот бериб борилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири