Бойсунда янги савдо мажмуаси иш бошлади
Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани марказида янгидан барпо этилган барча шароитларга эга “Эко бозор савдо мажмуаси” фойдаланишга топширилди.
Секторлар раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тантанали тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий савдо ва бошқа хизматлар кўрсатиш сифатини оширишга қаратилаётган эътибор аҳоли фаровонлигини таъминлаб, муносиб турмуш кечириши учун хизмат қилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда тобора гўзал қиёфа касб этиб, дунё сайёҳларини мафтун этаётган тоғли туманда ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Янги йилга маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун муносиб совға бўлган замонавий савдо мажмуасини “Нарзи Қушбеги” хусусий корхонаси тез, сифатли бунёд этди. Бу ерда сотувчилар учун ҳам, харидорлар учун ҳам етарли қулайлик яратилган. Янги мажмуа 150 та савдо дўкони ва 170 та савдо растасидан иборат бўлиб, тадбиркорларнинг мижозларга сифатли савдо хизмати кўрсатиши учун барча шароит мавжуд.


Тантанали маросимда Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода иштирок этиб, янги савдо мажмуаси билан яқиндан танишди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири