Бойсунда тадбир жуда зўр ўтди
Сурхондарё вилоятининг чекка ва тоғли ҳудудларидаги маҳаллаларда «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» шиори остидаги тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Бойсун тумани маданият марказида ташкил этилган ана шундай тадбирда Ариқ усти ва Тоқчи маҳаллалари аҳолиси иштирок этди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда юз бераётган янгиланишлар одамларнинг муносиб турмуш кечириши ва ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлмоқда. Шу мақсадда ҳудудларда мавжуд салоҳиятдан оқилона фойдаланиб, миллий иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жумладан, Бойсун туманида мавжуд табиий газ захирасини ўзлаштириш бошланди. Ҳудудда ташкил этилган «Бойсунфарм» эркин иқтисодий зонаси тоғли гўшанинг шифобахш гиёҳларини инсон саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирди. «Бойсунлано» масъулияти чекланган жамияти қуй жунидан фармацевтика ва парфюмерия саноати учун ноёб хом ашё ланолин бирикмаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Мамлакатимизда ягона бўлган ушбу корхона бир йилда 500 тонна жунни қайта ишлаб, импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулот ишлаб чиқаради.

Гўзал табиат манзаралари, шифобахш зилол сувлари, археологик ёдгорликлари, миллий ҳунармандчилиги, нафис фольклор санъати билан ҳам дунё аҳлини мафтун этаётган тоғли туманда туризмнинг изчил ривожланаётгани сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Вилоятда ягона Бойсун туризм ва сервис коллежининг тоғли туманда ташкил этилгани соҳага малакали мутахассислар тайёрлаш учун қулай муҳит яратди.

Учрашувда шу ҳақда атрофлича фикр юритилиб, иштирокчиларга таълим, тиббиёт, маданият, санъат каби йўналишлардаги туб ўзгаришлар хусусида маълумот берилди. Ўқувчи-ёшлар спорт, таълим, санъат ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқларини намойиш этди. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қўлга киритилган ютуқлар акс этган видеороликлар барчада илиқ таассурот ўйғотди.
–Тадбир жуда зўр ўтди, –дейди Ариқ усти маҳалласида яшовчи М.Ражабова. –Карантин даврида бунақа тадбирларни соғиниб қолган эканмиз. Кўплаб янгиликларни эшитиб, жуда қувондик. Суюнганимиздан ўйнаб, кулдик. Шунингдек, ёш авлод эришаётган ютуқлар билан танишдик. Севимли санъаткорларимизнинг қизиқарли дастуридан ўзгача завқ олдик. Менга айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова ижросидаги қўшиқлар жуда ёқди.

Тадбирда тумандаги «Шалола» этнографик ансамбли санъаткорлари ҳам қизиқарли концерт дастури билан барчани хушнуд этди. Энг фаол иштирокчиларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири