Бойсун янада кўркам гўшага айланмоқда
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бойсун туманининг Чилонзор маҳалласидаги “Бойсун” давлат ўрмон хўжалигига қарашли кўчатхонанинг бўш майдонларида “яшил” белбоғ барпо этилмоқда.
Бойсун Сурхондарё вилоятининг яшилликка бурканган, хушманзара туманларидан бири. Табиат гўзал арчазорлар барпо этган баланд тоғлар қўйнидаги боғларда турли мевали дарахтлар парваришланади. Аҳоли томорқалари ва кўчалар ёқаларида бўй кўрсатиб турган мевали, манзаралари дарахтлар, турфа гуллар мафтункор тоғли туманга ўзгача файз бағишлайди.

Мамлакатимизда умуммиллий ҳаракатга айланган “Яшил макон” лойиҳаси Бойсун туманини ҳам янада кўркам, янада файзли ҳудудга айлантирмоқда. Бўш турган майдонлар ва қир-адирларда ўзлаштирилаётган ерларга ҳам мевали, манзарали дарахт кўчатлари экилиб, янги боғ-роғлар барпо этилмоқда.

“Бойсун” давлат ўрмон хўжалиги кўчатхонасининг танлаб олинган майдонидаги икки гектар ерда ташкил этилаётган “яшил” белбоғ ҳудудига 1 минг 500 тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчати ўтқазилади. Иш бошланган дастлабки кунда бу ерга эзгу ниятлар билан қарийб минг туп кўчат қадалди.

Мутахассисларнинг айтишича, туманда кўчат ўтқазиш белгиланган майдонларнинг тупроқ унумдорлиги ва суғориш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Чилонзор маҳалласида барпо этилаётган “яшил” белбоғдаги турли дарахт кўчатларини дарё сувидан суғориш кўзда тутилган.


Бойсунликлар лойиҳанинг кузги мавсумида танлаб олинган майдонларга 335 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчати экишни мўлжалламоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири