“Бойсун баҳори”га тайёргарлик қизғин
ФОТОРЕПОРТАЖ
Май ойининг дастлабки кунларида Сурхондарё вилояти Бойсун тумани халқаро миқёсдаги нуфузли маданий тадбирга мезбонлик қилади. Анъанавий “Бойсун баҳори” фольклор фестивали нафақат юртимиз, балки дунёнинг турли бурчакларидан келган иштирокчиларни бир саҳнада жамлайди.
Ушбу нуфузли фестиваль доирасида меҳмонлар халқ оғзаки ижоди, миллий урф-одатлар ва асрлар давомида сақланиб келаётган ноёб анъаналар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади. Турли мамлакатлардан келган ижодий жамоалар ўз санъат намуналарини намойиш этиб, маданий алмашув муҳитини янада бойитади.
[gallery-28882]
Табиат қўйнида, тоғлар бағрида ўтадиган байрам бу йил ҳам ўзгача руҳ ва янги бадиий ечимлар билан ташкил этилиши кутилмоқда. Ташкилий ишларга жиддий эътибор қаратилиб, фестивалнинг ҳар бир тадбири пухта режалаштирилган.
Айни пайтда туманнинг Бибиширин маҳалласида тайёргарлик ишлари қизғин паллада. Ҳудудда миллий услубда ўтовлар барпо этилмоқда, Термиз шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари, шунингдек, турли ташкилот ва муассасалар томонидан махсус қўрғонлар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Шубҳасиз, “Бойсун баҳори” фестивали бу йил ҳам ўзининг ранг-баранг дастурлари ва бетакрор муҳити билан иштирокчилар ва меҳмонларда унутилмас таассуротлар қолдиради.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА