Жорий йилнинг май ойида Бойсун туманида бўлиб ўтадиган “Бойсун баҳори“ халқаро фольклор фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Сайёрамиз фольклор-этнографик санъати ижрочилари ҳамда фольклоршуносларини, мухлисларни икки йилда бир марта кўхна ва гўзал Бойсун туманида жамлайдиган фестиваль ўтказиладиган Бибиширин маҳалласида замонавий туризм мажмуаси қад ростламоқда. Айни пайтда бу ердаги барча иншоотларда қурилиш ишлари уюшқоқлик билан давом этаётир. Хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга турли хизматлар кўрсатиш нуқталари барпо этилмоқда. Термиз шаҳри, туманлар ва вилоят ташкилот, корхона, муассасларига ажратилган қўрғонларда ҳам йирик ҳажмдаги бунёдкорлик-ободонлаштириш юмушлари олиб борилиб, пиёдалар йўлакчалари ва бошқа инфратузилма иншоотларида сўнгги қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ўтов уйлар ўрнатилиб, миллий қадриятларимизга мос жиҳозланаётир.
Бу йил фестивалда жаҳоннинг кўплаб давлатлари вакиллари миллий ва дунё фольклор-этнографик санъати билан яқиндан танишиш, қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхон воҳасининг мафтункор табиати, олис ўтмишдан сўзлайдиган археологик ёдгорликлари, ноёб тарихий обидаларини томоша қилиш истагини билдирмоқда. Шунга мувофиқ нафақат фестиваль ўтадиган Бойсун тумани, балки Сурхондарё вилоятининг барча ҳудудларида меҳмонларни юксак савияда қарши олиб, уларга сифатли хизматлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш белгилаб олинган.
Маълумотларга кўра, шу кунгача дунёнинг ўн бешдан ортиқ мамлакатидан машҳур фольклор жамоалари иштирок этиш истагини билдирган. Халқаро фестиваль кўрик-танловида қатнашиш учун чет давлатлардаги фольклор жамоаларидан таклифлар келиши давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири