Боёвутнинг энг фаол аёллари тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Сен азиз ва муқаддассан, муқаддас аёл!” кўрик-танловининг Боёвут туман босқичи бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари, вилоят ишчи гуруҳи аъзолари, маҳаллалардаги фаол хотин-қизлар иштирок этди.
“Истиқлол” тантаналар саройида ўтказилган тадбирда ушбу танлов хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, гендер тенглик ва оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ҳамда қобилиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Танлов якунларига кўра, “Энг яхши ташаббускор спортчи аёл”, “Энг саранжом-сариштали хонадон бекаси”, “Аёллар дафтарида турган ва иш фаолиятини йўлга қўйиб, ўзини ўзи банд қилган аёл”, “Қайнона-келин муносабатларини яхшилаш бўйича энг яхши қайнона, энг яхши келин, энг яхши қайнона-келин”, “Маърифатли аёл”, “Бу менинг онам”, “Энг тарбияли фарзанд тарбиялаган, боқувчисини йўқотган ёлғиз аёл”, “Энг яхши ҳунарманд аёл”, “Энг заҳматкаш фидойи аёл”, “Хотин-қизлар соғлиги – юрт бойлиги” номинацияларида ғолиблар аниқланди.
[gallery-16009]
Танлов ғолиблари эсдалик совғалари ҳамда 3-5 март кунлари пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройида ўтказиладиган “Сен азиз ва муқаддассан, муқаддас аёл!” концерт дастурига махсус таклифнома топширилди.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ (сурат), ЎзА