Сирдарё вилояти Боёвут туман давлат хизматлари маркази бир кунда ўртача 100-110 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатиш қувватига эга. 2022 йилнинг 6 ойи давомида Марказ томонидан 6918 та, сайёр тартибда 2100 та давлат хизмати кўрсатилди.
Майдони 1200 квадрат метрга тенг ушбу бино қисқа муддатда “Rem stroy partner” МЧЖ томонидан қуриб битказилди.
Адлия бўлими биносининг қурилишида фуқаролар учун энг қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилди. Энг муҳими, адлия бўлими, давлат хизматлари маркази, ФҲДЁ, юридик хизмат кўрсатиш маркази битта бинода жойлашгани мурожаатчилар учун янада қулайлик яратади.

Янги бинонинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган, 2 қаватдан иборат мазкур бинога ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хизмат залида қулай шароитларда хизматлар кўрсатилади. Барча қулайликларга эга марказда электрон навбат тизими мониторларда акс этиб туради. 10 та қабул ойнасида эса кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

Замонавий ва миллий шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ қад ростлаган ушбу иншоотда аҳоли ва тадбиркорларга тезкор, шаффоф, сифатли давлат хизматлари ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш имкониятлари янада кенгайди. Бу ўз навбатида фуқароларнинг кундалик муаммоларига тезкорлик билан ечим топишда муҳим омилдир.
Шуҳрат Суяров, ЎзА