Бойитилган ун – саломатлик гарови
Ун – халқимиз энг кўп истеъмол қиладиган маҳсулотлардан биридир.
Афсуски, унга ишлов бериш чоғида таркибидаги озуқавий моддаларнинг аксарият қисми йўқолиб кетади. Шунинг учун барча керакли моддаларни яна унга қайтариш лозим. Шу ўринда қандай қилиб, деган ўринли савол пайдо бўлиши табиий, албатта.
Бунга фақат унни бойитиш билан эришиш мумкин. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, тегирмонларда ун ишлаб чиқарилаётганда ун витаминлар, фолий кислотаси ва темир моддаси билан тўйинтирилади. Бу моддаларга ишлов бериш жараёнида қийматини йўқотмаслиги учун якуний босқичда қўшилади ва яхшилаб аралаштириладики, натижада бир сиқим унда ҳам барча озуқавий моддалар мавжудлигига эришилади. Бойитилган ундан пиширилган таом, нон ва бошқа маҳсулотлар ўз хусусиятини йўқотмайди, таъмида ҳам ўзгаришлар бўлмайди. Нон ёпиш жараёнида бойитилган ун 95 фоизгача ўзининг озуқавий моддаларини сақлаб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги СЭО ва ЖС хизматининг 2021 йил 12 январдаги 4-сонли буйруғи ишлаб чиқилиб, ташкилотлараро эксперт ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Буғдой унини бойитиш учун халқаро стандарт талаблари билан уйғунлаштирилган, амалда қўлланилаётган витамин минерал аралашма (ВМА) асосидаги (витамин ва минераллар) ва ЖССТ, Қозоғистон Республикаси Овқатланиш академияси мутахассислари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, халқаро ҳамда ҳудудий экспертлар тавсияларини инобатга олган ҳолда олий навли буғдой унини бойитиш учун тегишли меъёрларни қўллаш таклифи қабул қилинди.
Маълумки, витамин, минерал ва микроэлементлар инсон организмида муҳим роль ўйнайди. Микронутриентлар – инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган, ўрнини бошқа нарса боса олмайдиган озиқ-овқат моддалари (витаминлар ва минерал моддалар) ҳисобланади. Микронутриентлар таркибига инсон танаси ўз-ўзидан ҳосил қила олмайдиган микроминерал ва витаминлар киради. Улар метаболизм, инсон мияси ва асаб тизимининг ишлаши, қон ивишининг олдини олиш ва иммун тизимининг ривожланишида муҳим роль ўйнайди.
Бир сўз билан айтганда, инсон танасида бирон-бир жараён микроэлементлар иштирокисиз ўтмайди. Инсон организмининг озиқ-овқат билан тушадиган микронутриентлар етарли эмаслиги сабабли касалликларнинг ривожланишига олиб келади. Микроэлементларнинг инсон рационига мунтазам равишда қўшилиши саломатликни асраш ҳамда мустаҳкамлашнинг оддий ва жуда самарали усулидир.
Санитария-эпидемиологик осойишталик
ва жамоат саломатлиги хизмати.
ЎзА