Ботир Зокиров серқирра ижодкор эди
Ўзбек эстрада санъати ривожини Ўзбекистон халқ артисти, серқирра ижодкор Ботир Зокиров ижоди билан боғлаш мантиқан тўғри. Бевосита у миллий эстрада санъати асосчиси ҳамдир.
Халқимизнинг севимли санъаткори бўлган Ботир Зокиров ўз даврида ўзбек булбули, дея эътироф этилган. Уни нафақат Ўзбекистон, балки БАА, Туркия, Озарбайжон, Италия каби давлатларда ҳануз хотирлашади, қўшиқларини севиб эшитади.
Ботир Зокиров 1936 йил 26 апрель куни таваллуд топган. Пойтахтдаги ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент Давлат консерваториясининг вокал факультети ҳамда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факультетида таҳсил олади.
1956 йил «Ёшлик» ёшлар ансамблини тузгандан сўнг, эл оғзига тушади, танилади. 1957 йил Москвада бўлиб ўтган халқаро ёшлар ва талабалар фестивалида у илк бор «Араб тангоси»ни ижро этади. Пластинкага ёзиб олинган бу қўшиқ тезда дунё бўйлаб тарқалади. Бироз муддат вақт ўтиб, унинг довруғи собиқ иттифоқ ҳудуди бўйлаб ёйилади.
60 йиллар ўзбек эстрадасида Ботир Зокиров ижросида итальян, француз, испан, рус, юнон тилидаги қўшиқлар жаранглай бошлаган. Санъаткор 1972 йилда Тошкент шаҳрида илк мусиқий-холлни яратиб, уни бошқарган. У Шарқ фольклорини замонавий эстрада йўналишлари билан бирлаштирди. Ушбу иши уни янада танилиши, ҳукумат томонидан эътироф этилишига сабаб бўлган.
У «Соғинди жон», «Хаёлимда», «Раъно», “Ёр кел» каби ўнлаб қўшиқлари туфайли санъат ихлосмандлари қалбидан чуқур жой эгаллади. Хонанда 28 ёшида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланди.
Ботир Зокиров турли ижод соҳаларида ўзини синаган: тасвирий санъат, режиссура, бастакорлик, актёрлик, ёзувчилик ва ҳатто шеърлар ҳам ёзган.
Серқирра ижодкор 1985 йил 23 январь куни оғир хасталикдан оламдан ўтган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
– Ботир Зокиров ҳар доим изланишда бўлган, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова. – Назари баланд, фикри теран инсон бўлган. Ботир Зокиров Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаевлар билан қалин дўст эди. Ўта камтар эди. Ҳеч қачон ўзининг машҳурман, деб кибрга берилганини билмайман. Аммо ўта дид билан кийинар, виқор билан юрарди. Хотираси ўта кучли эди. Тил ўрганиш, турли тилларнинг грамматикасини таҳлил қилишга қизиқарди. Чет тилида қўшиқ куйлашдан олдин унинг ўзбекчасини ўрганиш, маъноли бўлишига алоҳида эътибор берарди.
Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан турли тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Юбилей муносабати билан «Ботир Зокиров санъати давомчилари» Республика кўрик-танлови ўтказилди. Ботир Зокиров номидаги Олий эстрада мактабини ташкил этиш, Ботир Зокировнинг ибратли ҳаёти ҳақида фильм суратга олиш режалаштирилган.
– Ботир Зокиров шунчаки қўшиқчи бўлмаган, у шунчаки куйламаган, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров. – У ҳар бир санъат асарига умрини бахшида этган. Ҳар бир қўшиқни юракдан, қалбдан ҳис қилиб куйлаган. У серқирра инсон эди. Бастакор, санъатшунос... Самимий ва ўта камтар эди. Унинг ҳар бири қўшиғида одамийликнинг энг сара туйғулари уфуриб туради. Шунинг учун у яратган ҳар бир қўшиқ инсонга ўзгача кайфият бахш этади. Мен истардимки, эстрада йўналишига қадам қўяётган ҳар бир ёш нафақат Ботир Зокиров ижодини мукаммал ўрганиши, қолаверса, унинг шахсиятига ҳам мурожаат қилиши керак. Чунки Ботир Зокиров ҳаёт йўлидан ибрат оладиган нарсалар кўп. У қўшиқни аввал ҳис қилган, матнни англашга ҳаракат қилган, маъносиз асар яратишдан чўчиган. Шунинг учун ҳам Ботир Зокиров ижро этган қўшиқлар ҳамон мухлислар эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
Дилобар Маматова, ЎзА