Бухорода ўтказилаётган Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш халқаро форумида Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқди.
Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин ҳамда БМТ Тараққиёт дастури Бош котиби ўринбосари ва ёрдамчи маъмури онлайн мулоқотда бўлди.
–Президентимиз томонидан Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессансини барпо этишда биринчи навбатда камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, энг асосийси халқни рози қилиш масалалари устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинди, – деди вилоят ҳокими. – 2020 йилдаги Парламентга мурожаатда ҳам камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, 2020 йил 24 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур” деб таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий заиф қатлами вакилларини аниқлаш, камбағал аҳолига кўмак бериш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни вилоятимизда изчил давом эттириш мақсадида ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан ҳар бир маҳалла хатловдан ўтказилди. Хатлов натижаларига кўра, аниқланган камбағал оилалар “Темир дафтар” га киритилди. Камбағалликни қисқартиришнинг ностандарт усули сифатида “Маҳаллабай” иш тизими ҳамда “ҳоким ёрдамчиси” институти ташкил этилди. Вилоятдаги 544 та маҳалла ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтказилган хатлов натижасида аниқланган ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш мақсадида вилоятда бир нечта йўналишларда ишлар олиб борилмоқда.
Биринчидан, вилоятдаги фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган майдонлар ҳисобидан аҳолига ижара асосида экин ери ажратилди. Шу билан бирга аниқланган ишсиз аҳоли талабига асосан марказлашган ҳолда аҳоли томорқасида иссиқхоначиликни ривожлантириш ва шу орқали улар даромадларини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар 12 минг 168 та оилага кредит эвазига 121,7 гектар аҳоли томорқаларида кичик иссиқхоналар ҳамда 939 оиланинг 9,4 гектар томорқасида иссиқхоналар қуриб берилди.
Иккинчидан, аҳолига оилавий тадбиркорлик қилиш учун кредит ажратиш тизими йўлга қўйилди. Шу пайтгача 11 минг 939 та субъектга 279 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.
[gallery-7280]
Учинчидан, аҳолига марказлашган ҳолда парранда ва чорва тарқатиш йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар 6 минг 200 та оилага марказлашган ҳолда кредит эвазига 2,4 минг бош наслли чорва моллари ва 3,9 минг бош наслли қўй тарқатилди. Шунингдек, вилоятдаги 5 та паррандачилик хўжаликлари томонидан 2021 йилнинг 25 декабрдан бошлаб жами 430 минг бош тухум йўналишидаги бир кунлик жўжалар боқишга қўйилди. Ушбу мақсад учун паррандачилик корхоналарига айланма маблағ сифатида 5,8 миллиард сўм кредит ажратилди. Бугунги кунга қадар, ҳар бир оилага 100 бошдан 300 бошгача ва истагига кўра ундан ҳам кўпроқ, жами 2188 та оилага 249 мингдан ортиқ парранда тарқатилди.
Мисол учун, Жондор тумани Янгиобод маҳалласида “Аржумандбону чорваси” фермер хўжалиги хонадонларда кооперация асосида бройлер товуқлари боқишни йўлга қўйган.
Аҳоли ўз хонадонида 300 тадан – 1000 тагача товуқ боқиб, 40-45 кун ичида 3 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача даромад қилмоқда. Ҳозирда аҳоли яшаш пунктидан узоқроқда жойлашган ноқишлоқ хўжалик ер майдонида 50 та ҳар бири 4 минг бош парранда боқишга мўлжалланган товуқчилик комплекси қурилмоқда. Ҳар бир комплекс 10 сотих майдондан иборат бўлиб, битта яшаш биноси, битта товуқхона ва омборхонани ўз ичига олади.Бугунги кунда фуқаро Ўктам Қораев ана шундай комплексда 4 мингта товуқ боқиб, 45 кунда харажатдан ташқари, 40 миллион сўмга яқин даромад қилди. Бир йилда бу ўртача 200 миллион сўмгача кўпайиши мумкин.
Яна бир йўналиш – маҳаллаларда хизмат кўрсатиш объектлари жойлашган маҳалла марказларини ташкил этиш ҳисобланади. Вилоятда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда 87 та хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш орқали 8630 та янги иш ўрни яратиш белгилаб олинди. Албатта келтирилган рақамлар Президентимиз томондан аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мақсадида сўнгги бир йилда фақатгина Бухоро вилоятида олиб борилаётган ишларнинг айримлари холос. Бу борадаги ишларимизни янада ривожлантиришда сизнинг бугунги форум доирасида берадиган тавсия ва таклифларингиз жуда муҳимдир.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА