Тошкент вилояти ҳокими соврини учун катта улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилмоқда. Дастлаб беллашувларда ёш чавандозлар ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Эътиборлиси, ушбу мусобақа янгича йўналишда яъни 4 та жамоавий гуруҳлар, "Бўстонлиқ", " Чирчиқ педагогика институти", "Қибрай" ва "Пискент" жамоалари ўртасидаги ёш чавандозлар иштирокида ташкил этилди.
Қизғин беллашувларнинг финал ўйинида "Бўстонлиқ" жамоаси "Қибрай" чавандозларини енгиб, ғалабани қўлга киритди. Учинчи ўринга "Чирчиқ педагогика институти" жамоаси вакиллари муносиб кўрилди.
Ҳакамларнинг якуний ҳисоб-китовларига кўра, ғолиб жамоа ва фаол чавондозлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Биринчи ўринга нортуя, иккинчи ўрин учун тулпор ва учинчи ўрин соҳибларига наввос берилди.
Мазкур ҳалқ сайли Тошкент вилояти ҳокимлиги, Улоқ-кўпкари Федерацияси, Пискент тумани ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган оммавий улоқ-кўпкари мусобақаларида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари билан бирга, қўшни давлатлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларидан жами мингдан зиёд чавандоз полвонлар иштирок этди.
Бугунги халқ сайлида ташкилотчилар томонидан томошабинлар учун зарур шароит яратилиб, уларнинг хавфсизлиги таъминланди. Очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов сўзга чиқиб, бу каби миллий ҳалқ ўйинлари ҳудудлардаги чавандозлар мактабларида от спорти, замонавий бешкураш ва улоқ-кўпкари каби спорт турларида иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2021 йил 5 августдаги «Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур қарор ижроси доирасида от спорти аҳоли ўртасида оммавий спорт турига айлантирилмоқда.
Шундан сўнг яхши ниятлар билан Қуръон тиловат қилинди ва улоқ-кўпкари мусобақаси оммавий бахсларига рухсат берилди.
А. Мусаев, ЎзА