Қарор ва ижро
Бўстонлик туманида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов бошчилигида тизимнинг ҳудудий раҳбарлари ва ходимлари иштирокида семинар ўтказилди.

Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва Коррупцияга қарши курашиш Миллий Кенгашининг йиғилишида берилган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш бўйича илғор усуллар, хусусан, кибержиноятларга қарши курашда замонавий технологиялар, рақамли криминалистика имкониятларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Рақамли терговга кўмаклашиш маркази раҳбари Б.Қудратов электрон маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва суд жараёнларида қўллаш усуллари ҳақида батафсил маълумот берди. Маърузаларда кибержиноятларни аниқлаш, электрон далиллар билан ишлаш ва уларни тўғри сақлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, энергетика тизимидаги ноқонуний уланишлар, суғориладиган ер майдонларини ноқонуний эгаллаш ва сотиш, транспорт воситалари билан боғлиқ ҳодисалар, гиёҳвандлик воситалари бўйича жиноятларни аниқлаш бўйича тажрибалар алмашилди. Мутахассислар дастурий таъминот ва техник воситаларнинг имкониятларини амалий машғулотларда намойиш этди.

Тадбирда муҳокама қилинган мавзулар жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда ҳам анъанавий усуллар, ҳам замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш зарурлиги яна бир бор таъкидланди. Иштирокчиларга келгусида юзага келадиган кибержиноятларни самарали тергов қилиш учун доимий ўқув машғулотлари ва тажриба алмашинувларини давом эттириш тавсия этилди.
Якунда эса фаолияти давомида ўз хизмат вазифаларини виждонан бажарган, тергов сифатини ошириш, жиноят ишлари бўйича етказилган моддий зарарларни ундиришда алоҳида ташаббус кўрсатган бир гуруҳ тергов ходимлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Мусаев, ЎзА.