Тошкент вилоятида ҳудудларнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, хорижий ҳамкорлар билан янги ва истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Пойтахтимизнинг “Hayat” меҳмонхонасида ўтказилган ҳамкорлик учрашувида шулар ҳақида сўз борди. Вилоятда амалга ошириладиган янги лойиҳалар истиқболлари муҳокама қилинди.
Тошкент вилояти ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Абдусаломов, Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амани Элетер, “Фармсаноат” агентлиги вакиллари ҳамда “Solyphar” компаниясининг хорижий ҳамкорлари иштирок этган учрашувда янги инвестиция лойиҳасининг ташкилий ишлари муҳокама этилиб, уч томонлама келишув имзоланди.
Унга кўра, компания томонидан Тошкент вилоятида фаолият юритаётган “Бўстонлиқ-фарм” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 20 миллион долларга тенг фармацевтика заводи бунёд этилади. Ҳудудда фармацевтика заводи иш бошлагач, унда вирусга қарши ва гормонал қаттиқ таблеткалар, желатинли капсулалар, дори кукунлари, жами 120 турдаги дори-дармонлар ишлаб чикарилиши кўзда тутилган.
Эътиборлиси, лойиҳа бўйича 200 та янги иш ўрни яратилиб, унда асосан ёшлар ва аёлларнинг бандлиги таъминланади. Шу билан бирга, тиббиёт соҳасида қўлланиладиган зарур сифатли ва арзон дори-дармонлар маҳаллийлаштирилишига эришилади.
А.Мусаев, ЎзА