Бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида барпо этилаётган аҳоли яшаш манзилларининг кўпчилиги кўп қаватли уй-жойларни ташкил этмоқда. Кўп қаватли уйларни сифатли қуриб фойдаланишга топшириш алоҳида иш бўлса, уларга мунтазам равишда техник хизмат кўрсатиш яна бир масъулиятли вазифалардан бири ҳисобланади.
Яқин ўтмишдан бизга маълумки, кўп қаватли уйларга хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатиб келган. Ҳозирда эса барча кўп қаватли уйлар профессионал бошқарув сервис компанияларига бириктирилган. Мулкдорлар ширкати ёки бошқарув сервис компаниялари? Бу рақобат ҳар иккала тизимнинг қай бири афзаллиги, одамлар ишончини оқлай олиши борасида аҳолининг мустақил танловини юзага келтирмоқда. Буни Тошкент вилояти мисолида кузатамиз.
“Чирчиқ сервис ГР” Бошқарув сервис компанияси коммунал хизмат кўрсатишнинг замонавий қиёфаси. Аҳоли ва ширкатлар ўртасидаги муаммо азалий. Бир неча ширкатларнинг бирлашиши ва ягона компания бўлиши аҳолига кўрсатилаётган иш сифатининг кескин ижобий ўзгаришига сабаб бўлди. Бошқарув сервис компанияси ўзининг ишчилари, бухгалтерияси, кассасига эга. Иш материал базаси мавжуд.
Кун давомида Чирчиқ шаҳрининг 1-кичик ноҳиядаги кўп қаватли уйларини кузатдик. Томи, ертўласидаги ҳолат билан танишдик. Аҳолининг фикрини ўргандик. Жуда кўпчилик кўрсатилаётган коммунал хизматлардан мамнун.
Хўш, ширкат билан айни пайтдаги мазкур компаниянинг иш жараёнидаги фарқ нимада?
– Фарқи жуда кўп. Яъни, ширкатларда навбатчи сантехник, фаррош, қўриқлаш хизмати каби кўплаб хизматлар йўқ эди, — дейди “Чирчиқ сервис ГР” Бошқарув сервис компанияси раҳбари Мирҳамиддин Рафиқов. — Бугунги кунда эса бошқача бошқариш шакллари жорий қилинган. Ҳозирги кунда бошқарув сервис компаниямизда чилангарлик, хонадонларни тозалаш, электромонтаж ишлари, юк чиқариш ва олиб кетиш, қулфларни ўрнатиш, хонадонларнинг ички қисмини мукаммал таъмирлаш, хонадонларга эшиклар ўрнатиш, том қисмини таъмирлаш, кириш йўлакларини янгилаш, иссиқлик қувурларини алмаштириш, эшиклар ва ойна ромларини ўрнатиш, фасад қисми, ички муҳандислик ва коммуникация тармоқларини таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари бўйича хизматлар кўрсатилади. Мақсад ҳам шу масалаларни жойига қўйиб, катта-кичик муаммолар аҳоли кайфиятини бузмаслигини таъминлашдан иборат. Энг яхши ишчиларни саралаб олганмиз. Зарур асбоб-ускуналар, керакли материаллар захираси мавжуд. 24 соат ишлайдиган диспетчер хизмати мурожаатларни қабул қилиб, муаммо йўналиши бўйича ходимларни йўналтиряпти.
Мурожаатчи ярим тунда қўнғироқ қилса ҳам, тонг отишини кутмасдан, ўша заҳоти авария ҳолатини бартараф этамиз. Ходимларнинг қайси ҳудудда қандай ишларни амалга ошираётгани ҳам у орқали назорат қилинади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Тошкент вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Тошкент вилоятида жами 5 мингдан ортиқ кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, улар 90 дан ортиқ бошқарувчи ташкилот томонидан бошқарилади.
“Чирчиқ сервис ГР” Бошқарув сервис компанияси 2022 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда Чирчиқ шаҳрининг 1-ноҳия Лола маҳалласида жойлашган 41 кўп квартирали уйларга 30 дан ортиқ қўшимча сервис хизматлар ҳам кўрсатилади. “Чирчиқ сервис ГР” БСК фаолияти давомида 40 та ертўладаги барча ички муҳандислик тармоқларини янгилаган. 20 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми тўлиқ таъмирланган. Шунингдек, 176 та марказий электр шит, 76 дан ортиқ кириш йўлаклари мукаммал ҳамда 3800 кв/метр том қисми жорий таъмирдан чиқарилган. Жамоа томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳозирги кунга қадар 25 та замонавий болалар ўйингоҳи барпо этилган.
Бундай компаниялар фаолиятини янада ривожлантириш, аҳолининг коммунал хизматларни замонавий ва қулай шаклда амалга оширишини таъминлаш мақсадида “Менинг уйим” электрон биллинг тизими жорий этилиб, тест режимида ишга туширилган. Эндиликда, кўп квартирали уй-жойлар тўғрисидаги маълумотлар базаси мазкур тизимга киритиб борилмоқда ва ҳозирда жами абонентлар сони 1,5 миллионтани ташкил қилади.
“Чирчиқ сервис ГР” Бошқарув сервис компанияси ҳам ана шу тизимга уланган. Бу одамларга барча турдаги тўловларни уйда ўтирган ҳолда, электрон платформа орқали амалга ошириш имконини бермоқда. Асосийси, сервис корхонасида ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди, тез фурсатда ҳал этилади. Ўз вақтида олиб борилаётган хизмат кўрсатиш ишлари натижасида Чирчиқ шаҳри 1 кичик ноҳиядаги аҳолининг мурожаатлари аввалгидан 3-4 баробар камайган.
— Қарийб 30 йилдан буён шу ерда истиқомат қиламан, — дейди Чирчиқ шаҳри Лола маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Муборак Мардонова. — Маҳалламизда охирги йиллардаги ўзгаришлар жуда катта. Кўриб турибсиз, кўчалар обод, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари, ертўлалар тоза. Олдинлари ертўлаларда сув тошиб, ҳидланиб ётарди. Ширкатлар масалани узоқ вақтда ҳам ҳал қилиб бермас эди. Янги бошқарув компанияси, биринчи навбатда, нотекис йўлларимизни асфальт қилиб берди. Кириш йўлаклари, канализация ва сув тармоқлари таъмирланди. Иситиш даврида барча назорат ишлари ўз вақтида амалга ошириляпти. Бирор муаммо чиқса, тўғри компанияга мурожаат қиламиз. Лекин ишонасизми, деярли муаммо бўлмайди. Чунки компания барча масалаларни олдиндан ҳал қилиб юради. Ҳатто, айрим одамларнинг иши тушмаётгани боис, компания биносига ҳам кириб кўрмаган. Бугун маҳалламиздаги барча фуқаролар бошқарув сервис компаниясининг кўрсатаётган хизматидан мамнун.
Демак, бу тизим ўзини оқламоқда. Бошқарув компаниялари сифатли хизматлари билан одамлар ишончига кириб боряпти. Асосийси, кўп қаватли уйлар обод бўлиб, аҳоли мурожаатлари тезкор ечим топмоқда. Бошқарув компаниялари фаолиятини тизимли ривожлантириш, бундан кейин ҳудудларда барпо этилаётган барча кўп квартирали уй-жойлар, хусусан, замонавий “Янги Ўзбекистон” массивларида жорий этиш ўз самарасини беради.
Шу ўринда айтиш жоиз, ҳар йили мамлакатимизда 18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Очиғини айтганда, улар туфайли уйимизда, оиламиз даврасида қулай шароитда яшаймиз. Улар эса кунни тунга, баъзан эса тунни кунга улаб, барчамиз учун меҳнат қилишади. Уларнинг вазифаси вақт, манзил, шароит танламайди. Матонат, бурчга бўлган садоқат, халққа бўлган меҳр уларни зиммаларидаги масъулиятли ишни бажаришга ҳар чоғ чорлайди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/4kQHdJOgIRE?si=zXygcBjxTkomGzmU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Улар ҳар доим халқ учун ҳозиру нозир. Бугун улар ўз ҳаловатларидан кечиб, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўлида хизмат қилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА