Бошчўраш оғир ҳудуд тоифасидан чиқади
Самарқанд вилоятида ўтган йили ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир ҳудуд ҳисобланган 83 маҳаллада аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилиб, 40 та маҳалла оғир ҳудуд тоифасидан чиқарилди.
Бу йил қолган маҳаллаларда ҳам йўлларни созлаш, электр энергияси, тоза ичимлик сув ва суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ҳудудларни обод қилиш кўзда тутилган. Жумладан, Пайариқ туманининг олис Бошчўраш маҳалласида ҳам бу борадаги ишлар бошланди. Тўрт қишлоқдан иборат ва тўрт мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган маҳаллада одамларни бир неча йилдан буён қийнаб келаётган электр энергияси таъминоти, йўллар, тоза ичимлик сув билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Вилоят ва туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи, вилоят халқ қабулхонаси масъуллари маҳаллада хонадонбай ўрганиш ишларини олиб бориб, қайси оилага қандай ёрдам кўрсатиш, ҳудудда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вазифаларни белгилаб олди. Шу асосида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

– Дастурда Бошчўраш, Оқтош, Соҳибкор ва Балиқчи қишлоқларида электр тармоқлари учун 270 та бетон устун, 1 та трансформатор ўрнатиш, 2,7 километр тупроқ кўчаларни шағаллаштириш, 5 километр асосий йўлни таъмирлаш, Оқтош қишлоғида янги ичимлик сув иншооти қуриш ва 3,7 километр сув тармоғи тортиш, маҳаллага 9,4 километр алоқа тармоғи яратиш, аҳолини маиший газ баллонлари билан тўлиқ таъминлаш, маҳалла биносини таъмирлаш ва жиҳозлаш белгиланган, – дейди Пайариқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Олланов. – Айни пайтда бу борадаги ишлар бошланди. Бундан ташқари, маҳалладаги эҳтиёжманд оилаларга зарур моддий ёрдам кўрсатилиб, уй-жойини таъмирлаш учун қурилиш материаллари олиб берилмоқда. Маҳаллада амалга оширилаётган ишлар тегишли ишчи гуруҳ томонидан ҳар куни ўрганилиб, мувофиқлаштириб борилмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА