Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Навоий вилояти Нурота туманига ташриф буюриб, хотин-қизлар фаолиятини ўрганди.
“Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, Зулайҳо Маҳкамова "Нурота қоракўл наслчилик" масъулияти чекланган жамиятида фаолият юритаётган олис отарлардаги чўпон аёллар ҳаёти, улар учун яратилган шарт-шароитлар, чўпон аёллар ва болаларининг соғликлари, тиббий хизмат кўрсатиш сифати билан танишди.
Ташриф давомида чўпон аёллардан Маҳбуба Қувондиқованинг отарида 550 дона четдан келтирилган ангор эчкиларнинг боқилаётгани, уларнинг жунидан маҳаллий аҳоли учун пайпок, рўмоллар тўқишни ташкил қилиш, ички бозорга маҳсулот чиқариш бўйича белгиланган режалар билан танишди ва ўз тавсияларини берди.
Шунингдек, ташриф доирасида тумандаги "Нур сўзана" оилавий корхона раҳбари С.Файзиеванинг каштачилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиб, чўпон аёлларимизга, уларнинг қизларига ҳам каштачилик ҳунарини ўрганиш бўйича "Устоз-шогирд" анъанаси сифатида ўқувлар ташкил этилди.
Туркияда тумандаги ҳунарманд аёлларнинг савдо кўргазмасини ташкил этиш, кашта экспортини кенгайтириш бўйича истиқболдаги режалар қўллаб-қувватланди. Чўпон аёлларга эсдалик совғалари топширилди.
ЎзА