Тарихий ёдгорликлар, ашёлар бизга ўтмишимизни билиш воситаси бўлиши билан бирга, халқимиз маданиятини кўрсатиб берувчи ноёб манбалардир. Қолаверса, юртимизга келаётган сайёҳлар ҳам, энг аввало, тарихий манзилларимизни, осори-атиқаларимизни ўз кўзи билан кўриш учун келади.
Шунинг учун уларни асраб-авайлаш бугунги авлод зиммасидаги бурчлардан биридир. Бироқ, айрим шахсларнинг ўз фойдаси йўлида тарихий ёдгорликларни вайрон қилаётгани, йўқ қилиб юбораётгани эса жуда ачинарли.
Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган тизимли назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Бош прокуратура ахборот хизматидан маълум қилишларича, назорат тадбирларида Сурхондарё вилояти Денов туманидаги V – VII асрларга оид “Қорабоғтепа-1” археологик ёдгорлигининг 585 м3 майдони фуқаро С.С. ва М.С.лар томонидан уй-жой қуриш мақсадида текислаб юборилгани аниқланган. Оқибатда ёдгорликка 19,3 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Шунингдек, Сариосиё туманидаги милоддан аввалги III - I асрларга оид “Ҳайвонтепа” археология ёдгорлигининг 3,5 минг м3 майдони “М.И.С” хусусий корхонаси томонидан иссиқхона қуриш мақсадида бузилиб, ёдгорликка 208,1 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Назорат тадбирлари эса давом эттирилмоқда.
Мазкур жиноий қилмишлар қонунчиликка асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА