Бош прокуратура хабарлари
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда жуда кўп миқдордаги солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва савдо қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда жуда кўп миқдордаги солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва савдо қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди
Элликқала туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда, “И.Қ.Л.” МЧЖ мансабдор шахслари 2019 йилнинг 6 ойи давомида 5,6 млрд. сўмлик товар айланмасини амалга ошириб, 933,4 млн. сўм қўшилган қиймат солиғини тўлашдан бўйин товлаганликлари ҳамда товарлар сотувидан тушган 4,7 млрд. сўм нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан, савдо қоидаларини бузганлиги аниқланган.
Нукус шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “А-Қ-Нукус” МЧЖ мансабдор шахслари 2019 йилнинг 6 ойи давомида 2,7 млрд. сўмлик товар айланмасини амалга ошириб, 294,1 млн. сўм қўшилган қиймат солиғини тўлашдан бўйин товлаганликлари ҳамда 2,4 млрд. сўм нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан, савдо қоидаларини бузганлиги аниқланган.
Нукус туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Б.М.Қ” МЧЖ мансабдор шахслари 2019 йилнинг 6 ойи давомида 4,9 млрд. сўмлик товар айланмасини амалга ошириб, 306,5 млн. сўм қўшилган қиймат солиғини тўлашдан бўйин товлаганликлари ҳамда 3,4 млрд. сўм нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан, савдо қоидаларини бузганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳудудий бўлимлар томонидан ЖКнинг 184 ва 189-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
***
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оққўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, тумандаги чорва моллари бозорида фуқаро И.И.нинг икки бош қўйларини нотаниш фуқаро 3,4 млн. сўмга харид қилиб, уни алдаб, серия рақамлари бир хил бўлган 34 дона 100000 сўмлик купюрадаги жами 3,4 млн. сўм қалбаки пулларни берганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168 ва 176-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
***
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро И.Т. туман ҳокимиятида ишловчи танишлари орқали, тумандаги Янги ҳаёт мавзеси ҳудудидан уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқаролар С.Б.дан 6,8 млн. сўм, М.С.дан 18,5 млн. сўм, Ф.Р.дан дастлаб 15 млн. сўм кейинчалик 5 млн. сўм пул маблағларини олиб, ушбу пул маблағлари ҳисобидан 1000 АҚШ долларини 2018 йилнинг декабрь ойида Сирдарё тумани Қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси С.Х.га берганлиги, С.Х. эса уй-жой қуриш учун ер майдонига туман ҳокимининг номидан қалбаки қарорларни чиқариб, И.Т. орқали фуқароларга берганлиги аниқланган.
Шунингдек, И.Т.нинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ҳақидаги мурожаати юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда, С.Х. билан учрашиб, унга берган қарорлари сохта эканлигини, фуқаролар пулларини талаб қилаётганлигини айтиб, ундан муқаддам берган 1000 АҚШ долларидан 500 АҚШ долларини қайтариб олган вақтида С.Х. ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани Қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси С.Х. ва фуқаро И.Т.га нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бош прократура Ахборот хизмати