Бош қомусимизни мадҳ этиб...
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳам муносиб нишонланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳам муносиб нишонланди. “Конституция – тинчлик ва тараққиёт кафолати” мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ҳамда бошқа ташкилотлардан вакиллар, Академия профессор-ўқитувчилари ва тингловчи-курсантлар иштирок этди.
Анжуманда “Конституциянинг устуворлигини таъминлашда конституциявий назорат институтининг роли ва аҳамияти”, “Конституцияда инсон ҳуқуқларининг кафолатланиши”, “Конституция – халқимиз сиёсий-ҳуқуқий мафкурасининг маҳсули”, “Конституция ва виборы” мавзуларида маърузалар тингланди. Дарҳақиқат, Асосий қонунимиз демократик ҳуқуқий давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамиятининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатланишида унинг роли ва аҳамияти катта.
Илмий-амалий конференцияда Конституциямизнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, конституциявий қоидаларни ҳаётимизга татбиқ этиш борасида сўз борди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ўтказилган байрам тадбири эса элимиз ардоғидаги санъаткорлар, таниқли адиб ва шоиралар, спорт намоёндаларининг чиқишлари билан ёдда қоладиган бўлди. Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ҳаётимизга татбиқ этилаётган улкан янгиланишлар, бунёдкорлик ва яратувчилик ҳаракатлари инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилаётгани билан муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Бош қомусимизнинг ҳаётимизда тутган ўрни беқиёс. Асосий қонунимизда илгари сурилган устувор тамойиллар жамиятимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаб, халқимизнинг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқармоқда.
– Бош қомусимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳамда анъаналари ҳурмат қилиниши белгилаб қўйилган. Бу ҳам давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз тараққиёт йўли ва муносиб ўрни борлигидан далолат беради. Шундай экан, барчамиз, ёшлардан бошлаб кекса авлод вакилларигача Конституциямизда белгилаб берилган устувор тамойилларни юксак даражада ҳурмат қилишимиз ва уларга амал қилишимиз лозим, – деди Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов.
Шу куни таълим муассасасининг бир гуруҳ илғор ва ташаббускор курсантларига Республика Маънавият ва маърифат марказининг буюк аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти ёритилган китоб жамланмалари совға қилинди. Она Ватанимизни мадҳ этувчи шеър ва куй-қўшиқ ижро этилди.
Конституция байрами муносабати билан пойтахтимиздаги 23-сонли Меҳрибонлик уйида саховат тадбири ташкил этилди. Академиянинг Жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда Маъмурий ҳуқуқ кафедралари ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, тузилиши, моддаларда акс этган асосий принциплар ҳақида болажонлар қизиқарли маълумотларга эга бўлишди. Уларнинг билим салоҳиятини янада бойитиш мақсадида тезкор савол-жавоб ўтказилиб, фаолларга турли адабиётлар туҳфа қилинди.
– Тадбир жуда кўтаринки руҳда ўтди, – дейди лейтенант Сабина Турсунова. – Болажонларнинг қизиқиши, интилувчанлиги ва билим салоҳияти таҳсинга сазовор. Демак, Асосий қонунимиз униб-ўсиб келаётган навқирон авлоднинг таълим-тарбия олиши ва жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати.