Бош муҳандиснинг кирдикорлари фош бўлди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Давлат кадастрлар палатасининг Элликқалъа филиали бош муҳандисининг кирдикорлари фош бўлди.
Бош муҳандис А.Р. фуқаро М.С.нинг ўғлига аслида мавжуд бўлмаган туман ҳокимининг сохта қарорини асос қилиб, 4 сотих ер майдонига эгалик қилиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаб бериб, эвазига 500 АҚШ долларини олган. Шунингдек, А.Р. филиалнинг бошқа масъул шахслари билан тил бириктириб, фуқаролар номига уй-жойлар учун жами 9 та ҳолатда 42 сотих ер майдонига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтказганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА