Бош мақсад – инсон хавфсизлигини таъминлаш!
Таъкидлаш лозим, сўнгги йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Орол денгизи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишлари боргани сари жадаллашмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича тасдиқланган Йўл харитаси доирасида 13-Иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича тезкор чоралар ҳамда 15-Қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг емирилишини тўхтатиш ва ортга қайтариш, биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиш жараёнини тўхтатиш тўғрисида қабул қилинган дастурларда айнан она табиатимизнинг ҳимоясини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган.
Эришилаётган туб ўзгаришлар қаторида яна бир улкан янгилик, яъни БМТ Бош Ассамблеясининг жорий йил 18 май куни ўтказилган навбатдаги ялпи мажлисида “Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш бўйича махсус резолюция қабул қилинди. Маълумки, бу ташаббус 2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди. Ялпи мажлисда бу таклиф 60 га яқин давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиб, қарор қабул қилинди.
Бунда БМТ Бош Ассамблеяси Орол денгизи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш таъкидланган.
Ҳужжатда атроф-муҳитни тиклаш, табиий ресурсларни тежаш ва минтақа аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича илмий-тадқиқот маслаҳат ишларини, экологик инновациялар ва технологияларни барча мамлакатлар томонидан кенг тарғиб қилиш, шунингдек, Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш ва минтақадаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.
Қайд этиш жоиз, Оролбўйи минтақаси Бош Ассамблеяга экологик инновациялар ва технологиялар зонаси мақомини берган биринчи минтақа бўлди. Ҳужжат минтақавий ҳамкорлик, интеграция ва барқарор ривожланишнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда ихтисослаштирилган идоралар дастурлари ва лойиҳалари, БМТ тизими маблағлари ва дастурларининг изчиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Назир СОБИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси