Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Гёте институти, Германиянинг Халқаро маданий алоқалар институти (IFA) билан ҳамкорликда немис фотографи Ҳельга Парис ижодига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди.
Кўргазмадаги суратларни кўздан кечириб шунга ишонч ҳосил қилиш мумкинки, борлиқни борича, кўрганича, ортиқча безакларсиз, ҳашамлардан ҳоли, уюштирилган кадрларсиз, реал ҳолатда акс эттириш Ҳельга Парис ижодида муҳим ўрин эгаллайди.
У 1938 йилда ишчилар оиласида таваллуд топган эди. Ҳельга хоним умрининг асосий қисмини ўша даврдаги Германия Демократик Республикасида ўтказган. Шу сабабли оддий одамлар, ишчи-хизматчилар унинг фотоларида асосий қаҳрамонлар саналади. У Германия билан чекланмасдан Италия, АҚШда бўлиб, оддий одамлар ҳаётини суратга олади. Тасвирларидаги оддийлик, реал воқелик юқори қадрлангани боис Ҳельга Парис бир қатор мукофотларга муносиб топилган.
[gallery-16959]
–Самимият, тўғрилик Ҳельга Парис ижодида яққол кўзга ташланади, – деди Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясининг бош мутахассиси, санъатшунос олима Сайёра Назарова. – Тақдир тақозоси билан иккига бўлиниб қолган Германиянинг Ҳельга яшаган қисмида ҳаёт унчалик фаровон, яхши бўлмаган. Суратларнинг оқ-қора рангда экани эҳтимолки, оддий одамларнинг оғриқлари, қўрқув ва ғамгинликларига ишорадир. Ҳельга Парисда дунёни англашга бўлган иштиёқ кучли эди. Бу унинг фотосуратларида яққол сезилиб туради.
Мазкур кўргазмада муаллифнинг “Ёдномалар”, “Берлин ёшлари”, “Уйлар ва қиёфалар”, “Автопортретлар”, “Берлин” ва бошқа мавзудаги туркум фотосуратлари санъат мухлислари эътиборига ҳавола этилган. Ҳельга Парис хотирасига бағишланган ушбу кўргазма бир ой давом этади.
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (суратлар),
ЎзА