Борлиқ ҳақида инсоният тасаввурини ўзгартирган олим
Коинотни теранроқ англашимизга инқилобий ҳисса қўшган олим Стивен Ҳокингнинг ногиронлик аравачасидаги қиёфаси – боши бир оз ёнга қийшайган, қўллари бошқарув тугмалари устида туташган ҳолати бутун дунё аҳли тасаввурини ўзига ром этган эди. У гўё ақлнинг модда устидан ғалабаси рамзига айланганди. Қадимги Юнонистондаги Делфа башоратчиси каби унинг жисмоний ожизлиги гўё ғайритабиий иқтидор билан қоплангандек туюларди: бу қобилиятлар унга фазо бўйлаб эркин саёҳат қилиш, баъзан эса оддий инсонлар англай олмайдиган сирларни очиш имконини берарди.
Албатта, бундай романтиклаштирилган образ ҳақиқатнинг фақат бир қисминигина акс эттиради. Ҳокингни яқиндан билганлар ҳаётга чанқоқ, ҳазилкаш, улкан ирода соҳиби, оддий инсонга хос камчилик ва фазилатларга эга ҳақиқий инсонни кўришарди. Унинг “энг машҳур олим” сифатида қабул қилиниши ўзига ёққани ҳам аниқ. Олимнинг оммавий маърузаларига улкан аудиториялар тўпланар, бу ҳар доим ҳам фақат илм учун эмас эди.

Илмий жамоатчилик эса унга нисбатан анча вазмин баҳo берарди. Чунки у коинот физикаси ва геометриясини англаш соҳасида жуда катта, баъзан инқилобий аҳамиятга эга ҳисса қўшган профессор сифатида юксак қадрланган.
Ҳокинг 21 ёшга тўлгандан кўп ўтмай давоси йўқ касалликка чалингани ташхис қилинди. Кейинчалик бу ҳалокатли дегенератив мотор нейрон касаллиги – амиотрофик латерал склероз (ALS) экани маълум бўлди. Кўпчилик бундай ҳолатда тушкунликка тушган бўларди, аммо Ҳокинг аксинча, коинотнинг энг фундаментал саволларига жавоб излашни бошлади. Кейинчалик у жуда оғир жисмоний имкониятсизликларга қарамай, фавқулодда ютуқларга эришди. Табиблар башоратига қарши ўлароқ, у яна 55 йил умр кўрди.
Ҳокингнинг оиласи гарчи бевосита математика ёки физика соҳасида бўлмаса ҳам академик муҳитга мансуб эди. Отаси Фрэнк тропик касалликлар бўйича мутахассис, онаси Изабель Уокер эса эркин фикрловчи аёл бўлиб, ўғлига катта таъсир кўрсатган. Стивен Оксфорд шаҳрида туғилган, саккиз ёшида эса Хартфордширнинг Сент-Олбанс шаҳрига кўчиб ўтган. У Сент-Олбанс мактабида таълим олди ва кейин Оксфорддаги Юниверсити коллежида физикани ўқиш учун стипендия ютди. Устозлари уни иқтидорли деб билишарди, аммо у ўқишга унчалик жиддий ёндашмасди. 1962 йилда биринчи даражали диплом олган бўлса-да, натижа фавқулодда эмас эди.

Кейин у Кембриждаги Тринити Холлда физика бўйича илмий фаолиятини давом эттиришга қарор қилди ва машҳур космолог Фред Ҳойл қўлида ўқишни истади. Аммо Ҳойл уни қабул қила олмаслиги маълум бўлди ва Ҳокингга Деннис Скиама раҳбар этиб тайинланди. Бу эса кейинчалик жуда омадли қарор бўлиб чиқди.
Ҳатто бир сафар Қироллик жамиятининг учрашувида Ҳокинг астрофизик Фред Хойлнинг маърузасини бўлиб, унга хато қилганини билдирган. Ундан “Хатони қандай аниқладинг?” деб сўрашганида у “Шунчаки ҳаммасини калламда ҳисоблаб кўрдим”, дея жавоб қайтарган.
Скиама Британия космологиясининг энг илҳомлантирувчи шахсларидан бирига айланди ва кейинчалик кўплаб машҳур олимлар унинг шогирдлари бўлишди. Скиама физикада, айниқса космологияда деярли ҳамма янгиликлардан хабардор эди ва бу қизиқишни бошқаларга ҳам юқтира оларди. У муҳим ғояларга эга инсонларни бир-бири билан таништиришда ҳам жуда моҳир эди.

Ҳокинг Кембриждаги тадқиқотининг иккинчи йилида инглиз астрофизиги Рожер Пенроуз муҳим математик теоремани исботлаган эди. Унга кўра, айрим мантиқий шартлар асосида ҳаддан ташқари оғир юлдуз қулаганда фазо-вақтда сингулярлик – яъни, зичлик ва фазо-вақт эгилиши чексиз бўладиган нуқта ҳосил бўлиши керак эди. Бугун биз буни “қора туйнук” деб атаймиз. Бундай сингулярлик “горизонт” ичида яширин бўлиб, ундан ҳеч қандай модда ёки сигнал чиқиб кета олмайди.
Бу ғояни илк бор 1939 йилда Роберт Оппенгеймер ва Ҳартланд Снайдер таклиф қилган, аммо уларнинг модели фақат идеал сферик симметрия ҳолати учун амал қиларди. Пенроузнинг теоремаси эса бундай нореал симметрия талабларини бекор қиларди. Бу нуқтада Эйнштейннинг умумий нисбийлик назарияси ўз чегарасига етиб қолади.

Ўша пайтларда Ҳокинг ҳам Жорж Эллис билан шу каби муаммолар устида ишлаётган эди. Улар сингулярлик ҳақида анча чекланган теоремани ишлаб чиққан эдилар. Скиама Пенроуз ва Ҳокингни таништирди ва Ҳокинг Пенроузнинг теоремасини кутилмаган тарзда космологик шароитга татбиқ қилиш йўлини топди. Шу тариқа “Катта портлаш” деб аталадиган фазо-вақт сингулярлиги нафақат симметрик, балки асимметрик коинот моделлари учун ҳам муқаррар эканини кўрсатди.
Пенроузнинг аввалги теоремасидаги айрим шартлар космология учун унчалик табиий эмас эди. Шунинг учун Ҳокинг бу чекловларни олиб ташлаш мақсадида янги математик усулларни ўрганишга киришди.

“Морс назарияси” деб аталувчи кучли математик йўналиш Риман фазоларини глобал ўрганишда қўлланиларди. Аммо Эйнштейн назариясидаги фазолар псевдо-Риман хусусиятига эга бўлиб, бу ерда Морс назарияси анча нозик фарқларга эга эди. Ҳокинг бу назарияни мустақил равишда ўзлаштирди ва уни қўллаб, анча кучли теоремалар яратди. Бу теоремалар “Катта портлаш” сингари сингулярлик Эйнштейн нисбийлик назариясининг кенг шароитлардаги муқаррар натижаси эканини кўрсатди.
1967 йилда Вернер Исроил шундай мақола эълон қилдики, унга кўра, айланмайдиган қора туйнуклар барқарор ҳолатга келгач, мутлақо сферик симметрик бўлиши шарт эди. Кейинчалик Брэндон Картер, Дэвид Робинсон ва бошқалар бу натижани айланувчи қора туйнукларга ҳам татбиқ қилишди. Бу эса қора туйнук геометрияси Рой Керр томонидан 1963 йилда топилган аниқ ечимларга мос бўлишини англатарди. Айланиш мавжуд бўлса, тўлиқ ўқ симметрияси ҳам бўлиши кераклигини 1972 йилда асосан Ҳокинг кўрсатиб берди.

Бунинг ҳайратланарли хулосаси шуки, табиатдаги барча қора туйнуклар Керр геометриясига бўйсунади. Машҳур астрофизик Субраманьян Чандрасекхар айтганидек, қора туйнуклар коинотдаги энг мукаммал макроскопик объектлардир – улар фақат фазо ва вақтдан ташкил топган ва энг содда объектлар ҳамдир.
Шундан кейин Ҳокинг қора туйнуклар ҳақида яна кўп муҳим натижаларга эришди. Картер ва Жеймс Бардин билан ҳамкорликда у қора туйнуклар ҳаракати билан термодинамиканинг асосий қонунлари ўртасида ҳайратланарли ўхшашликлар борлигини кўрсатди. У пайтларда бу фақат аналогия деб қараларди.
Бироқ Яков Бекенштейн қора туйнук ҳақиқий физик энтропияга эга бўлиши кераклигини кўрсатди. Ҳокинг эса кейинчалик квант эффектларини ҳисоблаб чиқар экан, қора туйнуклар энергия, масса чиқаришини аниқлади. Бугун бу ҳодиса “Ҳокинг радиацияси” деб аталади.

Одатдаги астрофизик қора туйнуклар учун бу радиация жуда кучсиз. Аммо Ҳокинг фикрича, “Катта портлаш” пайтида жуда кичик қора туйнуклар пайдо бўлган бўлиши мумкин эди ва уларнинг портлаши кузатилиши мумкин бўларди. Афсуски, бундай далиллар топилмади.
Бу ишлар назарий физика учун жуда муҳим эди. Ҳокинг квант назарияси, нисбийлик назарияси ва термодинамикани бирлаштириш зарурлигини кўрсатди. Кўпчилик олимлар унинг энг буюк илмий ҳиссаси айнан шу деб ҳисоблайди.
Кейинчалик Ҳокинг квант гравитацияси муаммосига юзланди. У Жеймс Ҳартл билан бирга “чексиз коинот” ғоясини ишлаб чиқди. Бу ғояга кўра, “Катта портлаш” сингулярлиги ўрнига силлиқ “қалпоқча” мавжуд бўлади. Бу Ер шимолий қутбига ўхшатилади: у ерда узунлик тушунчаси маъносини йўқотади, аммо геометрия сақланиб қолади. Ҳокинг коинотни Ер сайёрасига қиёслайди — “қаерга борма Ернинг охири йўқ”. Бироқ сайёра иккита ўлчамда мавжуд бўлса, коинот тўрт ўлчамда мавжуддир.

Бу ғояни тушунтириш учун Ҳокинг “хаёлий вақт” тушунчасини киритди. Бу Эйнштейн фазо-вақтини оддий Риман геометриясига айлантириш имконини берди. Бироқ бу назарияда ҳам ҳали кўплаб жиддий муаммолар сақланиб қолган.
Ҳокинг умрининг охиригача квант гравитацияси ва космология билан шуғулланишда давом этди. Шу билан бирга, у илмни оммалаштириш билан ҳам фаол машғул бўлди. Бунинг энг ёрқин намунаси унинг 1988 йилда чиққан “Вақтнинг қисқача тарихи” китоби бўлди. Китоб 40 га яқин тилга таржима қилиниб, дунё бўйлаб 25 миллиондан ортиқ нусхада сотилди.
Китобнинг машҳур бўлишида унинг номи ҳам муҳим роль ўйнаган. Шунингдек, мавзунинг ўзи ҳам жамоатчиликни қизиқтирарди. Ҳокингнинг услуби содда ва аниқ эди. Бу эҳтимол, унинг жисмоний ҳолати билан ҳам боғлиқ эди – у қисқа, лўнда жумлаларда гапиришга мажбур бўлган.

Албатта, китоб ёзишдан мақсад фақат илмни оммалаштириш эмас, балки маблағ топиш ҳам эди. Чунки унинг парвариши, тиббий хизматлари ва махсус жиҳозлари катта харажат талаб қиларди.
Ҳокингни конференцияга таклиф қилиш ҳар доим катта ташкилий масала бўларди. У билан бирга кўплаб ҳамроҳлар келиши керак эди. Унинг маърузалари доим аншлаг билан ўтарди.
У шон-шуҳратдан завқ оларди, кўп саёҳатлар қилди, жанубий қутбга борди, турли тажрибаларда қатнашди. Болаларни яхши кўрар, баъзан уларни аравачасида айланиб кулдиришни ёқтирарди. Ҳокинг жамоатчилик масалаларига бефарқ эмасди ва илм-фанни тарғиб қиларди.

У ҳазилкаш, баъзан эса қаттиққўл ва ўта талабчан бўлиб кетарди. Лекин буюк инсонларга хос камтарлик ҳам унда мавжуд эди.
Ҳокингнинг кўплаб шогирдлари кейинчалик машҳур олимларга айланишди. Аммо унинг талабаси бўлиш осон эмасди. У баъзан асабига теккан талабанинг оёғини аравачаси билан босиб юбориши ҳам мумкин эди. Унинг фикрлари жуда қисқа ва мураккаб бўлгани учун ёш тадқиқотчилар уни тушунишда қийналишарди.

Шундай бўлса-да, унинг ғоялари гўё башоратчининг сўзларидек қабул қилинарди – сирли, аммо тўғри талқин қилинса, чуқур ҳақиқатларга олиб борадиган фикрлар сифатида.
Қизиқарли томони, Ҳокинг бир талай илмий мукофотларни қўлга киритган бўлса-да, аммо Нобел мукофотига лойиқ кўрилмаган. 30 йил давомида у Оксфорддаги Исаак Ньютон ишлаган кафедрада фаолият олиб борди. Умрининг охирги йилларида Ҳокинг фаол тарзда глобал исиш, янги вирус-қотил ёки улкан кометанинг Ерга қулаши туфайли инсониятнинг ҳалокатга учрашини башорат қилиб келган. У одамларга бошқа сайёраларга кўчиб ўтишни тавсия қилган. Ўзга сайёраликлар борлигига ишонган. Британиялик назариячи физик Стивен Ҳокинг 2018 йил 14 мартда Кембриждаги ўз уйида 76 ёшида вафот этди.
Ўткир Алимов, ЎзА