Бори элға яхшилиқ қилғилки...
14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун
Мамлакатимизда кейинги йилларда халқимизнинг бой маданий мероси, бетакрор археологик ва тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятларимизни, айниқса, жаҳон илм-фани тараққиётига, инсоният тафаккурининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимиз шахсини улуғлаш, илмий меросини, улар қолдирган бебаҳо ёзма манбаларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва тарихий аҳамиятини жаҳон жамоатчилиги эътиборига кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада 1992 йилдан буён фаолият олиб бораётган Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди томонидан эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида Андижонда Боғи Бобур мажмуаси ҳамда Бобур Мирзонинг рамзий мақбараси барпо этилди. “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи ташкил этилди. Бундан ташқари, Бобур ва бобурийлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этиш бўйича юртимизда, қатор хорижий давлатларда жуда кўп тадбирлар, халқаро анжуманлар ўтказилди, янги- янги китоблар нашр этилди, ҳужжатли фильмлар яратилди. Бобур халқаро мукофоти, “Бобур ва дунё” журнали таъсис этилди.
Фонднинг Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Миср, Туркия, Россия, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Япония давлатларида жамоатчилик асосида фаолият олиб борувчи бўлимлари ташкил этилди.
– Бобур халқаро илмий экспедицияси Бобур изидан 40 дан зиёд мамлакат бўйлаб илмий сафарлар уюштирди, – дейди Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрапов. – Натижада кўплаб янги-янги манбалар топилди, улар Андижонга олиб келиниб, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан жой олди.
Айни пайтда музейимизда 1 мингдан зиёд ноёб қўлёзма асар, нодир китоб, қимматли манбалар мавжуд. Жумладан, “Бобурнома”нинг Ҳайдаробод нусхаси, Бобур Мирзо кашф этган алифбо – “Хатти Бобурий”да кўчирилган Қуръони карим нусхаси, “Бобур куллиёти”нинг Эрон нусхасидан кўчирма ҳамда “Бобурнома”нинг турли тилларга таржима қилинган 20 дан ортиқ нусхаси сақланмоқда.
Кейинги йилларда фонд кўмагида “Бобурнома” бир неча марта қайта нашр қилинди. Ушбу асарнинг крилл ва лотин алифболардаги табдили, шунингдек, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” асари форс тилидан таржима қилиниб чоп этилди. Бобуршоҳ ва Хумоюн Мирзонинг ҳаёти ва фаолияти баён этилган Хондамирнинг “Хабиб ус-сияр” асари, турли тилларда яратилган “Гулбадан”, “Андижон шаҳзодаси”, “Бобур – йўлбарс”, “16 аср бунёдкори” номли китоблар ўзбек тилига таржима қилиниб, китобхонларга тақдим этилди.
"Заҳириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография" номли йирик китоб, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур хазиналари” рукнида “Мубайян ва насрий баёни”, “Рисолаи Волидиййа” назмий таржимаси ва шарҳи” асарларининг чоп этилганлиги, айниқса, “Бобур энциклопедияси”нинг яратилганлиги, Бобур Мирзонинг олти жилдлик “Куллиёт”и чоп этилганлиги ўзбек бобуршуносларининг катта ютуқларидан бўлди.
Юқоридаги китоблар, шубҳасиз, юртимиз тарихи, улуғ алломаларимиз, хусусан, З.М.Бобур ҳаёти, ижоди, илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этишда муҳим манбаа бўлади.
Фонд ташаббуси билан Бобур ва бобурийлар, қолаверса, заминимизда туғилиб, тақдир тақозоси билан дунёнинг турли жойларида умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз яратган бебаҳо ва ноёб асарлар намуналари Ватанимизга қайтарилиб, илмий истеъмолга киритилганлиги, энг аввало, кўхна тарихимизни янада чуқур ўрганишга хизмат қилади, қолаверса, ёш авлод қалбида улуғ аждодларимиздан фахрланиш, ифтихор туйғуларини мустаҳкамлайди.
Бобур халқаро илмий экспедицияси томонидан ҳозир Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия, Ироқ, Эрон давлатларида бўлган Абу Али ибн Сино, Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Лутфий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Алишер Навоий, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб, Худоёрхон сингари улуғ зотлар мангу қўним топган масканлар зиёрат қилинди. Хусусан, Афғонистоннинг Дашти Деҳиканор қишлоғидаги йўқолиб кетиш арафасига келиб қолган мавлоно Лутфийнинг мақбараси қайта тикланди. Ҳирот шаҳрининг Мусалло майдонидаги Алишер Навоийнинг қабр-мақбараси халқимизнинг миллий меъморчилиги услубида янгидан бунёд этилди, унинг атрофида боғ яратилди, Камолиддин Беҳзоднинг қабр-мақбараси таъмирланиб, ободонлаштирилди.
Келгусида фонд томонидан Абу Райҳон Беруний, Али Қушчи, Абу Носр Фаробий, Абдураҳмон Жомий, Бобораҳим Машраб, Ҳусайн Бойқаро, Муҳаммад Ҳайдар Мирзо сингари улуғ алломаларнинг қабр-мақбараларини ободонлаштириш режалаштирилган.
Президентимизнинг 2023 йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори фонд фаолиятини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлди.
[gallery-15840]
–Қарорда белгиланган вазифалар ижроси доирасида фондимиз томонидан катта хажмдаги ишлар олиб борилди, – дейди Зокиржон Машрапов. – Хусусан, ўтган йили Бобур Мирзо таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро анжуман ўтказилди. Анжуманда дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатларидан келган бобуршунос олимлар иштирок этди.
Анжуман доирасида фонднинг Америка Қўшма штатларида бўлимини ташкил этиш, ўзаро илмий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан меморандум имзоланди.
Президент қарорида “Бобур мероси” халқаро сайёҳлик тарғибот дастурини амалга ошириш белгиланган. Ана шу дастур ижросини таъминлаш бўйича фонд муассислигида “Зайтун боғлари” МЧЖ қошида “Бобур мероси” сайёҳлик агентлиги ташкил этилди.
Шунингдек, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида “Бобур Мирзони англаш” мавзусида Бобурнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг қўлёзма ва нашр нусхалари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмага минглаб юртдошларимиз ташриф буюрди.
Ўтган йили бобурийлар ва темурийзодалар ҳаёт фаолияти ҳақида тасаввур ҳосил қиладиган миниатюралар илова қилинган «Бобурнома» асари шарқшунос олим Федерико Пасторе томонидан итальян тилига таржима қилиниб, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг кириш сўзи ҳамда атоқли итальян олими ва адиби Франко Кардини сўзбошиси билан Италиянинг “Сандро Тети Эдиторе” нашриёт уйида чоп этилди. Бобур номидаги Халқаро жамоат фондида вилоят жамоатчилиги, бобуршунос олимлар, ёзувчи ва шоиралар иштирокида ана шу китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Айни пайтда мутахассислар, олимлар томонидан халқаро илмий Бобуршунослик электрон платформасини яратиш ишларининг 1- босқичи якунига етказилиб, www.baburid.uz сайти ўз фаолиятини бошлади. Мазкур платформанинг яратилиши нафақат Бобур Мирзо ихлосмандлари, бобуршунос олимлар ва тадқиқотчилар учун улкан имкониятлар эшигини очиб берди.
Россия Фанлар академиясининг Туркшунослик институти ва Бобур номидаги Халқаро жамоат фондининг илмий ҳамкорлигида 2016 йили “Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография” номли китоб нашрдан чиқарилган эди. Ўтган йили ана шу йўналишдаги ишлар давом эттирилиб, Бобур Мирзонинг тарихий ва ижодий меросини илмий нуқтаи назардан таҳлил этиш, тизимга солиш, изоҳлар билан таъминлаш ва тарғиб этиш мақсадида фонд ҳомийлигида 5 жилдлик “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Қомусий, илмий ва илмий-оммабоп материаллар тўплами” китоби арабшунос олим Шокирхон Рустамхўжаев томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этилди.
Ушбу китобга Марказий Осиё республикалари, Россия, Украина, Беларусь, Озарбайжон, Япония, Миср, Эрон, Буюк Британия, Франция, Испания, АҚШ ва Ҳиндистон бобуршуносларининг мақолалари жамланган.
Шунингдек, “Бобур – адабиётшунос” китоби нашр қилинди. “Бобурнома” асарининг замонавий ўзбек ва қорақалпоқ тилидаги табдили яратилди.
Мухтасар айтганда, Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди томонидан Заҳриддин Муҳаммад Бобур, бобурийлар ва бошқа улуғ алломаларимиз илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида олиб борилаётган юқоридаги каби хайрли ишлар ҳар қанча эътирофу таҳсинга муносибдир. Фонд жамоаси Бобур бобомизнинг “Бори элга яхшилиғ қилғилки мундин яхши йўқ” деган сўзларини ўзларига шиор билиб, ана шундай хайрли ишлар кўламини янада кенгайтиришни ўз олдиларига мақсад қилиб олган.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари