“Боқий шаҳар”даги боқий қадриятлар
Бугун Самарқанддаги “Боқий шаҳар”ни билмайдиган киши бўлмаса керак. Ҳеч бўлмаганда, эшитган, телевизор орқали ёки интернетда кўрган. Ўзига хос тарихий шаҳарчага менгзаладиган мажмуа 2022 йилда фаолият бошлаган “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази таркибида ташкил этилган ва айни чоғда тарихий-этнографик маскан мақомида.
Йирик халқаро форум ва анжуманлар ўтказиш, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш мақсадида халқаро стандартларга мос меҳмонхоналар, конгресс маркази, йирик кўргазма майдонлари, дам олиш масканларидан иборат тарзда бунёд этилган туризм марказида “Боқий шаҳар”нинг ташкил этилиши ўша вақтда мамлакатимиз қурилиш соҳасида янгилик бўлган эди. Албатта, кейинчалик бу каби масканлар Урганч, Бухоро, Фарғона, Тошкент шаҳарларида ҳам бунёд этилди. Лекин илк бор Самарқандда Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи, меъморчилиги, миллий ҳунармандчилиги ва маданиятини бир жойда намоён этиш мақсадида барпо этилган маскан чиндан ҳам боқий анъана ва қадриятларимизнинг кўзгуси ўлароқ барчамизнинг ҳайрат ва ҳавасимизга сабаб бўлганди.
– Самарқанд эшкак эшиш канали яқинида, атрофида ушбу ҳавза суви оқиб турадиган 17 гектар майдонда ташкил этилган “Боқий шаҳар” Ўзбекистон замини ва кўп миллатли халқининг бой тарихи, маданияти, анъана ва қадриятларини мужассам этган ўзига хос шаҳарча ҳисобланади, – дейди “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуаси раҳбари ўринбосари Азизбек Дадаев. – Бу ернинг ўзига хос уч жиҳати бор, яъни кўп асрлик миллий архитектура, бой ҳунармандчилик анъаналари ва миллий таомлар. Ана шу хусусиятлар мажмуани диққатга сазовор сайёҳлик марказига айлантирмоқда. Юртимиз ҳудудларининг қадимий кўчаларига монанд ташкил этилган тор кўчалар бўйлаб юриб, рассомлар, уста ва ҳунармандлар устахоналари, дўконларига кўзингиз тушади.
Мажмуанинг асосий кириш йўли – тантанали ғалаба арки ўрин олган марказий кўча Самарқанд деб аталади. Меҳмонлар тошдан ясалган йўл бўйлаб сайр қилиб, миллий кутубхона ёки қўғирчоқ театрига ташриф буюришлари, каштачилик санъати, миллий либослар ва танга зарб қилиш санъати билан танишишлари, шунингдек, Самарқанд нони ёки сомсасидан татиб кўришлари мумкин. Сўнгра мовий гумбаз остидаги мўъжаз шарқона бозор халқимизнинг қадимий савдо маданиятини намоён этади.
Мажмуанинг ғарбий чегараси бўйлаб кетган Фарғона кўчаси Хитойдан Европага қадар давом этган Буюк ипак йўли рамзи сифатида гилам, атлас ва адрас тўқувчилар, Риштон кулоллари устахоналарини ўзи ичига олади. Бу кўчада палов, нон, ҳолва каби миллий таомларнинг тайёрланиш жараёнларини кузатиш, улардан татиб кўриш мумкин.
“Боқий шаҳар” ҳудудидаги Бухоро ва Хива меъморчилиги анъаналари асосида яратилган бинолар, кўчалар ҳам ушбу тарихий шаҳарлар муҳитини ўзида акс эттирган. Жумладан, баландлиги 28 метр бўлган минорани кўришингиз билан беихтиёр Бухородаги Минораи калон ёки Хивадаги Калта минорни эслайсиз. Шунингдек, Бухоро пичоқлари ва зардўзлик маҳсулотлари, Хонқа ва Ғиждувон кулолчилик буюмлари ҳам сайёҳлар эътиборидан четда қолмайди. Хива кўчасида устахоналардан ташқари шахмат ва амалий санъат мактаби мавжуд. Турли услуб ва йўналишларда ижод қилаётган, лекин Ўзбекистон тасвирий санъатининг ўзига хос хусусиятларини намоён этувчи рассомларнинг кўргазма-устахоналари ҳам доим сайёҳлар билан гавжум бўлади.
Умуман, “Боқий шаҳар” ҳудудида 30 дан ортиқ устахоналар жойлашган. Уларнинг эгалари Самарқанд ва бутун Ўзбекистоннинг қадимий ҳунармандчилиги – ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, қоғоз ясаш, темирчилик, заргарлик ва гиламчиликни намойиш этади.
– Шу пайтгача асосан уйимдаги устахона ва шахсий кўргазма майдонимда сайёҳларни қабул қилардим, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, уста кулол Шариф Азимов. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шундай кўркам, тарихий масканнинг қурилиши ва бу ерда ҳунармандлар учун устахоналар қуриб берилгани биз учун жуда катта имконият, қулайлик бўлди. Ҳозир шу ерда ишлаб, ҳам ўз маҳсулотларимни кўргазма-савдога қўйганман. Кун бўйи юртимизнинг турли ҳудудларидан, хориждан келган сайёҳлар устахонага кириб, иш жараёнини кузатишади, кулолчилик тарихи ва анъаналари ҳақида сўрашади. Шунингдек, ушбу ҳунарга қизиқадиган кўплаб ёшларга ҳам сабоқ бераман, уларга ҳунар сирларини ўргатаман. Бундай масканлар аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган ҳунармандликни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Мажмуада қадимий усулда Самарқанд қоғозини тайёрлаш билан шуғулланаётган Фирдавс Умаров учун ҳам каттагина ҳудуд ажратилган. Бу ерда тут новдаси пўстидан бир неча босқичда қоғоз тайёрлаш узоқ вақт олса-да, ҳунармандлар иш жараёни сайёҳлар учун қизиқ, албатта.
– Маълумотларга кўра, дунёдаги қадимий қўлёзма китобларининг 60 фоизи Самарқанд қоғозида ёзилган экан, – дейди Фирдавс Умаров. – Ваҳоланки, ўз вақтида бошқа юртларда ҳам қоғоз ишлаб чиқарилган, лекин Самарқанд қоғозичалик мустаҳкам, сифатли бўлмаган. Масалан, кўп давлатларга тарқалган Хитой ипак қоғозининг бир томонидан фойдаланилган бўлса, Самарқанд қоғозининг икки томонига ҳам ёзиш мумкин. Ҳозирги, замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган қоғоз 40 йилдан ортиқроқ сақланса, қадимий Самарқанд қоғози минг йиллар ҳам туриши исботланган. Афсуски, замонавий технологиялар пайдо бўлгач, 200 йил ҳеч ким бу фаолият билан шуғулланмади, Самарқанд қоғози шуҳратини тиклашга ҳаракат қилмади. Кўп йиллик изланишларим ва тарихий манбалар асосида ота-боболаримизнинг ана шу ҳунарини давом эттиришга қарор қилдим ва 25 йилдан буён шу иш билан шуғулланяпмиз. Бу ерда оилавий меҳнат қиламиз ва ишлашимиз учун барча шароит мавжуд. Сайёҳлар келиб, иш жараёнини бевосита кузатишади, маҳсулотимиздан харид қилишади. Бу орқали биз қадимий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттиряпмиз, ҳам оиламиз учун даромад қиляпмиз.
Мажмуада Бухородан келиб меҳнат қилаётган пичоқчи Ғолиб Бақоев ва миниатюрачи рассом Умид Мавлонов, бойсунлик каштачи Шоҳиста Назарова, риштонлик кулол Алишер Назиров, самарқандлик зардўз Ҳамида Иноятова, моҳир ҳолвапаз Олим Ҳасанов ва яна кўплаб уста, ҳунармандлар устахоналари доим меҳмонлар билан гавжум. Эътиборлиси, бу ердаги барча ҳунармандлар оила аъзолари ва шогирдлари билан бирга меҳнат қилмоқда.
Тарихий-этнографик мажмуадаги амфитеатр улуғ мунажжим ва султон Мирзо Улуғбекнинг дунёга машҳур расадхонасини эслатади. Расадхонанинг ярми сифатида ясалган амфитеатрда тез-тез турли маданий тадбирлар, концерт дастурлари ва бадиий томошалар уюштирилади. Шунингдек, мажмуа ҳудудида ҳам йирик халқаро тадбирлар муносабати билан ҳамда сайёҳлик компаниялари буюртмасига кўра, фольклор этнографик ансамбллар ва бадиий жамоалар томонидан миллий ўйинлар, кўча томошалари, либослар кўргазмалари ташкил этилади.
“Боқий шаҳар”даги 30 дан ортиқ тарихий шахсларнинг мумдан ясалган ҳайкаллари ўрин олган музей шахсий коллекция асосида яратилган Қуръон китоби музейи ҳам сайёҳларни эътиборсиз қолдирмайди. Хусусан, Қуръон музейида ушбу муқаддас китобнинг 50 дан кўпроқ қадимий, ноёб нусхалари, Саудия Арабистонидан келтирилган каъбапўшнинг бир бўлаги ва бошқа қимматли ашёлар сақланмоқда.
[gallery-30313]
– Бугун Самарқандга келган ҳар бир сайёҳ, олий мақом меҳмонлару давлат раҳбарларигача “Боқий шаҳар”да бўлиб, бой ўтмишимиз, маданиятимиз ва қадриятларимиз билан яқиндан танишмоқда, – дейди Самарқанд давлат университети профессори Суюн Каримов. – Бу ерда бўлган киши нафақат Самарқанд, балки бутун мамлакатимиз тарихи, халқимиз маданияти ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкин. Энг муҳими, бу мажмуа аждодларимизнинг юксак ақл-заковати, бунёдкорлик салоҳияти бугунги авлоди тимсолида ҳам давом этиб келаётганини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, “Боқий шаҳар”нинг аҳамияти беқиёс.
Чиндан ҳам ушбу мажмуа очилишида қатнашган Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, бу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради, мамлакатимизда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприкка айланади.
“Боқий шаҳар” тарихий ёдгорлик эмас, балки Ўзбекистоннинг бой маданий меросини замонавий шаклда намойиш этувчи ноёб туристик ва маданий мажмуадир.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари