Боқимандалик кайфиятини енгиш ва шахсий фаровонликни таъминлашнинг олтин қоидалари
30 июнь – Ёшлар куни
Университет дарвозасидан қўлида диплом билан чиқиб келаётган йигитнинг кўнглига қулоқ тутиш лозим. Олис қишлоқдаги чевар қизнинг игна-ипини замонавий тикув машинасига алмаштириш керак. Сабаби, уларда куч-ғайрат ва орзулар тўлиб-тошаётган бўлади.
Аммо олдинда биргина мавҳум ва сергак тортувчи савол бор. Улар эртага қаршисидан чиқадиган катта-кичик масалаларга қай даражада ечим топа олади?
Шу савол бугун нафақат ёшларнинг, балки бутун мамлакатнинг тақдирини белгилайдиган стратегик нуқтадир. Ўзбекистон каби аҳолисининг қарийб 60 фоизини йигит-қизлар ташкил этадиган мамлакатда уларнинг бандлигини таъминлаш, замонавий касбларга йўналтириш миллий хавфсизлик ва иқтисодий юксалиш масаласидир.
Илмда “демографик дивиденд» деган тушунча бор. Бу аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисми қарамоғдагилардан сезиларли даражада кўп бўлган олтин даврни англатади. Бугун мамлакатимиз айни шу тарихий паллада турибди. Агар бу улкан инсоний капитал тўғри йўналтирилса, иқтисодиёт худди ракета мисоли юқорилайди.
Ёшларни замонавий касб-ҳунарлар, IT соҳаси ва тадбиркорликка жалб этиш ҳозирги глобаллашув даврида сув каби зарур. Нега десангиз, анъанавий иш ўринлари кун сайин камайиб, ўрнини автоматлаштирилган тизимлар эгалламоқда. Бугунги ёш авлодга кечаги куннинг кўникмаларини ўргатиш уларни онгли равишда ишсизликка маҳкум қилиш билан баробардир.
Агар бу масалага лоқайд қаралса, нима бўлади? Халқаро экспертлар бундай жамиятларда яқин истиқболда жуда оғир ва қимматга тушадиган муаммолар занжири пайдо бўлишини айтишади. Биринчи навбатда, таҳсил олмайдиган, ишламайдиган ва малака оширмайдиган ёшлар қатлами кенгаяди. Бу умидсизликка тушган, жиноятчиликка ёки ёт ғоялар таъсирига осон берилувчи, жамиятдан узилган авлод демакдир. Бундан ташқари, «ақллар оқими» кучаяди. Энг иқтидорли йигит-қизлар ўз бахтини мусофирликдан излай бошлайди. Иқтисодиёт эса солиқ тўловчилардан айрилиб, ижтимоий нафақахўрлар юки остида қолади.

Жаҳон тажрибасига назар ташласак, ҳар бир муваффақиятли давлат ўз вақтида ёшлар масаласини бош режага олиб чиққанини кўрамиз. Масалан, Германиянинг «дуал таълим тизими» бутун дунёда машҳур бўлиб кетган. Унда талаба вақтининг 30 фоизини назарияга, 70 фоизини эса тўғридан-тўғри корхонада ишлаб, маош олишга сарфлайди. Жанубий Корея эса табиий ресурслари йўқлигини ёшларнинг интеллектуал салоҳияти билан тўлдириб, уларни оммавий равишда рақамли технологияларга ўқитди. Натижада бу мамлакат бугун дунё бозорини бошқармоқда. Сингапур эса ўзининг махсус дастури орқали ҳар бир фуқарога умр бўйи янги касбларни бепул ўрганиши учун махсус субсидиялар ажратади.
Ўзбекистон ҳам сўнгги йилларда айни шу халқаро тажрибаларни миллий менталитетга мослаб, жуда дадил қадамларни ташлади. Юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёш жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч сифатида кўрилмоқда. Давлатимизнинг кучли ижтимоий сиёсатида ҳар бир маҳаллада “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилмоқда. Қобилиятли йигит-қизлар аниқланиб, IT-касблар ва хорижий тилларни ўрганишига кўмаклашилмоқда. Ёшлар ишлари агентлигининг “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали қанчадан қанча ўғил-қиз хорижий тилларга бепул ўқитилмоқда.
Аҳоли бандлигини таъминлашда қишлоқ хўжалиги майдонлари қисқартирилиб, деҳқончилик учун одамларга бўлиб берилмоқда.
Йиллар давомида яратилган имкониятлар натижасида ёшларимиз Гарвард, Йель, Колумбия каби нуфузли олийгоҳларда таҳсил олмоқда, стартапларимиз АҚШ, Жанубий Корея, БАА бозорларига кириб борди.
Бугун ёш тадбиркорлар юртимиздаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ташкил этмоқда ва Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез суръатларда ривожланаётган давлат деб эътироф этилди.
Бу тизимли ислоҳотларнинг ҳақиқий ҳаётдаги аксини Навоий вилояти мисолида қисқа таҳлил қиламиз.
– Жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида вилоятда 11 минг 500 минг нафардан кўпроқ ёшларнинг бандлиги таъминланди, – дейди Навоий вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Лутфулла Хайруллаев. – Минг нафарга яқин ёшлар корхоналардаги бўш иш ўринларига жойлаштирилди. 400 нафардан ортиғи касблар йўналишида ўқишга жалб қилинди. Яна 13 нафарига ижарага ер майдонлари ажратилди ва 342 нафари имтиёзли кредитлар ҳисобидан банд қилинди. Ҳар пайшанба куни ёшлар билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини ечиш чоралари кўрилмоқда.
Бугун навоийлик ёшлар нафақат иш излаяпти, балки йирик муаммоларга инновацион ечимлар ҳам яратмоқда. Масалан, ёш ихтирочи Давлатбек Қудратов Қизилқумнинг чекка ҳудудлари учун “Free Energy” деб номланган стартап лойиҳасини тест қилмоқда. Ушбу қурилма газ билан бирга 5 киловаттгача электр энергияси ишлаб чиқаради. Қурилма томидаги қуёш панеллари эса қуёшга автоматик мослашади. Бу чўл ва дашт ҳудудларида яшовчи чорвадорлар ва аҳоли учун ҳаётий ва зарур ечимдир. Давлатбек келажакда бу лойиҳани янада такомиллаштиришни мақсад қилган.

Катта ғоялар учун катта шаҳарлар шарт эмаслигини Хатирчи тумани, Боғишамол маҳалласида яшовчи 19 ёшли Пирмуҳаммад Худоёров ҳам исботлади. У давлатдан 50 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, отасининг устозлигида асаларичиликни йўлга қўйди. Икки қутидан бошланган фаолият бугун 45 қутига етди.
Пирмуҳаммад меҳнатидан қочмаган одам бир йилда тўрт мартагача тоза асал олиши мумкинлигини, замонавий парвариш сирларини глобал тармоқлардан ўрганаётганини айтади. Шу маҳаллалик талаба Фахриддин Умаров эса 33 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига 15 сотих ерда 120 туп узум кўчати етиштирмоқда. У узум қаторлари тагидаги бўш майдондан ҳам унумли фойдаланиб, помидор, картошка, қулупнай экиб ҳосил олмоқда. Топган даромадига кичик турдаги қишлоқ хўжалик техникалари харид қиляпти.
Ҳар бир маҳалладаги ижобий ўзгаришлар замирида тизимли меҳнат ётибди. Боғишамол маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Қосимжон Шопўлатовнинг қайд этишича, маҳалладаги 565 нафар ёшнинг эҳтиёжлари хатловлар давомида аниқланган. Улар “Ёшлар дафтари” орқали қўллаб-қувватланмоқда. Саккиз нафар ёш касб-ҳунарга ўқитилиб, ўн нафарига ўз бизнес режасига мувофиқ кредитлар ажратилди. Маҳалла еттилиги олий таълимга киролмаган ёшлар билан ҳам алоҳида индивидуал режа асосида ишлаб, камбағаллик ва ишсизликни бартараф этишни мақсад қилган.
Ер билан тиллашган, деҳқончилик ҳадисини олган ёшлар ҳам бугун вилоят иқтисодиётига катта ҳисса қўшмоқда. Кармана туманида яшовчи Ҳосилбек Сайфуллаев оиласи билан бир гектар ерни ижарага олиб, махсус уруғлардан 20 минг туп помидор ниҳоли етиштирди. Бу майдондан август ойида 100 тоннага яқин ҳосил олиш ва оилавий даромадни кескин ошириш мўлжалланмоқда.
Ёшлар бандлиги ва уларнинг замонавий билим олишига тикилган маблағ давлат учун энг сердаромад ва хавф-хатардан холи сармоядир. Навоий вилоятидаги реал ҳаётий мисоллар шуни кўрсатадики, имконият берилган жойда ташаббус туғилади.
Ҳар қандай инвестиция ва табиий ресурс вақт ўтиши билан қадрсизланиши ёки тугаши мумкин. Аммо тўғри йўналтирилган инсоний капитал геометрик прогрессия суръатида кўпаювчи бойликдир. Агар йигит-қизларга бугун имконият берилмаса, эртага давлат ижтимоий соҳадаги дефицитни ёпиш ва жиноятчилик оқибатлари билан курашиш учун икки ҳисса кўп маблағ сарфлашга мажбур бўлади. Мантиқ оддий! Ё биз бугун ёшлар учун иш ўрни яратамиз, ё эртага улар яратган муаммоларни ҳал қилиш билан банд бўламиз.
Ҳаётий нуқтаи назардан эса, бу ислоҳотларнинг асл қиймати вазирлик ҳисоботларида эмас, балки олис бир маҳаллада асалари парваришлаётган бир ёшнинг кўзидаги ишончда кўринади. Чекка қишлоқдаги оддий оила фарзанди ўз томорқасидан даромад топа бошласа, у нафақат ўзини, балки бутун рўзғорини оёққа турғизади. Бу ота-оналарнинг хотиржамлиги, фарзандларнинг сифатли таълими ва уйлардаги тўкинлик демакдир. Энг муҳими, ўз юртида қадр топган, меҳнатидан барака кўрган ёш авлод ҳеч қачон ортга чекинмайдиган кучга айланади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси