Сурхондарё вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Термиз муҳандислик ва агротехнологиялар университети экология йўналиши талабалари учун “Сурхон” давлат қўриқхонасига ўқув-танишув экскурсияси ташкил этди.
“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” муносабати билан уюштирилган тадбир иштирокчилари воҳанинг бетакрор табиий бойликлари, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишди. “Сурхон” давлат қўриқхонаси ва унинг асосий вазифалари – ноёб ва эндемик турларни сақлаш, табиий экотизимларни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлди.



Қўриқхонанинг “Шалқон” бўлими ўзининг серқуёш иқлими, бой флора ва фаунаси, фақат шу ҳудудга хос ўсимлик ва ҳайвон турлари билан бўлғуси экологларда катта таассурот уйғотди. Талабалар бўлим ҳудудида биологик хилма-хилликни сақлаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш йўналишида олиб борилаётган ишларни ўрганди. Мафтункор табиат қўйнида экологик муаммолар, иқлим ўзгаришининг минтақавий таъсири, биологик хилма-хилликни асрашнинг долзарб аҳамияти каби мавзулардаги маърузаларни тинглади.



Экскурсия талабаларнинг назарий билимларини амалий тажриба билан бойитиб, уларнинг атроф-муҳитни асраш бўйича тасаввурларини кенгайтиргани, ёш экологларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири