Болажонларни боғчаларга қамраб олиш даражаси ўсмоқда
Бухоро вилояти мактабгача таълим бошқармаси томонидан тизимда амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, барча бўлим бошлиқлари, қатор соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Анжуманда вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латипов кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.
Таъкидлашича, вилоятда жами 1 минг 290 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Шундан 439 таси давлат, 851 таси нодавлат (26 таси хусусий, 756 оилавий ва 69 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида) мактабгача таълим ташкилотларидир.

Вилоят бўйича 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 148 минг 514 нафар, шундан 73 минг 41 нафари ёки 49,2 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Қамров 2017 йилга нисбатан қарийб 19,4 фоизга ошган.
Жорий йил якунига қадар, вилоятда мактабгача таълим ёшидаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи 49,2 фоиздан 61 фоизга етказиш режалаштирилган.
Қоракўл туманининг чекка ҳудудларида эса “Ақлвой” дастури доирасида ISUZU автобусида мобил гуруҳ ташкил этилган. Унда 144 нафар болалар қамраб олинган.
Вилоятдаги 6 ёшли жами 8 минг 40 нафар болалар 268 та мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларига қамраб олинган.

Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилик тизимини янада такомиллаштириш учун тизимда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотини тузиш истагини билдирган жами 162 та ташаббускорлар томонидан аризалар топширилган бўлса, бугунги кунда уларнинг 103 нафари билан лойиҳа битими имзоланган. 80 та битим лойиҳа ташаббускорларига жами 147,7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Шундан жами 69 та давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини бошлаган. Унда 3 минг 97 нафар болалар қамраб олинган. 4 нафар ташаббускорнинг ўз хоҳишига асосан улар билан тузилиши режалаштирилган шартнома битимлари бекор қилинган.
Вилоят бўйича жами битим имзолаш истагини билдирган тадбиркорлар 55 нафар бўлиб, жами лойиҳалар қуввати 6 минг 700 ўринга мўлжалланган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 130,7 миллиард сўм талаб этилади.
Қолаверса, 756 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини юритмоқда. Уларга жами 11 минг 292 нафар мактабгача ёшдаги болалар тарбияланмоқда.
2020 йилда вилоятда жами Инвестиция дастури доирасида 24 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 6 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Унга жами 94,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.

2019 йилда “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, “Обод марказ” дастурлари орқали жами 34 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Бугунги кунда вилоятда жами 7 минг 956 нафар педагоглар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 2 минг 701 нафари олий маълумотлидир.
Ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилоти ходимларини малакасини ошириш учун “Мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандарти” мавзусида ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан тўлиқ жавоб олди.
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА