Болажонларга Президент совғалари топширилди (+видео)
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун “Президент арчаси” байрам тадбири ташкил этилди.
Дастлаб болажонлар учун маданият саройи актёрлари иштирокида Янги йил эртаги томошаси намойиш этилди.
Шундан кейин вилоят ҳокими Нормат Турсунов безатилган Янги йил арчаси атрофида болаларни байрам билан самимий табриклаб, давлатимиз томонидан уларнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб тарбияланишлари учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилаётганини алоҳида таъкидлади.
Жорий йилда вилоятда болалар уйида тарбияланган 67 нафар ёш ўз хонадонига эга бўлди ва мустақил ҳаётга қадам қуйди. 84 нафари эса яратиб берилган имтиёзлардан унумли фойдаланиб олий таълим муассасалари талабалари бўлди. 10 нафардан зиёд йигит-қиз спортда улкан муваффақиятларга эришиб жаҳон ва республика миқёсида ўтказилган мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритди.
Вилоят ҳокими, сектор раҳбарлари, нуронийлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, ширинликлар, ўқув қуролларидан иборат совғалар тантанали тарзда ўз эгаларига топширилди.
[gallery-21046]
– Келаётган йил ҳаммамизга баракали, омадли йил бўлсин. Байрам эсда қоларли бўлди. Барча болажонларнинг орзусига етишишини, нияти амалга ошишини, ота-онаси ёнида бўлишини истайман. Бошқа тенгдошларим қаторида менга ҳам “Президент совғаси” берилди. Бундан жудаям хурсандман. Айниқса, эртак қаҳрамонлари билан бўлиб ўтган томошалар ёқди. Келажакда прокурор бўлмоқчиман. Бунинг учун ҳозирдан аъло баҳоларга ўқишим керак, – дейди Кармана туманидаги 6-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Севинч Пардаева.
Албатта, юртимизда болажонларимиз янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий янгилик ва технологияларни ўзлаштиришга қодир, хорижий тилларда эркин мулоқот қиладиган, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топмоқда.
– Юртимизда ёш авлодга бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлган Президент арчаси тантаналари болажонларнинг энг севимли тадбирига айланиб улгурди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бош мутахассиси Фарангиз Зиёдуллаева. – Бугун Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида ҳам шундай тадбир ва байрам дастурхони ташкил этилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тадбирларни мазмунли ҳамда кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида қатор амалий ишларни олиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги 295 нафар болажон учун 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат Президент совғалари тарқатилди. Президентимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги болажонлар, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилда бир қатор устувор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Касб-ҳунарга ўқитиш, чет тили, ахборот технологиялари соҳасида қўшимча имкониятлар яратилмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарда илк ривожланиш марказларини ташкил этиш, уларга тиббий-ижтимоий, уйда, кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматларини йўлга қўйиш каби вазифалар белгилаб берилди.
Тадбир сўнгида болажонлар учун байрам дастурхони ёзилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_gUnepL0iJQ" title="Bolajonlarga Prezident sovgʼalari topshirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари