Болажонлар шодлигининг чегараси йўқ
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ўтказилган “Президент арчаси” байрам тантаналарида оилавий болалар уйлари, кам таъминланган оилалар, ота-она қаровисиз қолган, мустақиллик йилларида Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиб, юртимиз барқарорлиги йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, божхона, миллий хавфсизлик ва прокуратура ходимларининг фарзандлари ҳозир бўлди.
Мамлакатимизга Янги 2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили кириб келмоқда. Барча юртдошларимиз сингари жиззахликларнинг ҳам кайфияти байрамона, кўтаринки, нигоҳларида қувонч, чеҳраларида мамнунлик ифодаси яққол сезилиб турибди. Айниқса, болажонлар шодлигининг чегараси йўқ.
Поёнига етаётган 2022 йилда Жиззах вилоятида ҳам болажонлар учун бир қатор эзгу тадбирлар уюштирилмоқда. Жумладан, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент арчаси” байрам тадбирларининг аҳамияти беқиёс. Вилоят марказида ташкил этилган байрам тадбири юқори савияда ўтди.
Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев Жиззах шаҳридаги муҳташам “Яккасарой” тантаналар мажмуига таклиф этилган болажонларни Янги йил билан қутлаб, уларга “Президент совғалари”ни топширди.
[gallery-10156]
Тўкин байрам дастурхони атрофига жам бўлган болажонлар бири-биридан қизиқарли байрам дастурларини, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саргузаштларга бой саҳна кўринишларини, вилоят санъаткорлари ва ижрочи ёшларнинг байрам концерт дастурларини мириқиб томоша қилдилар.
Байрамона либос кийиб олган яшил арча атрофида болажонлар “Қорбобо”, “Қорқиз”, “Қуёнжон”, “Бўривой”, “Айиқполвон”, “Ялмоғиз” ва бошқа эртак қаҳрамонлари билан маза қилиб рақс тушдилар.
– Ушбу муҳташам тантаналар саройида 300 нафар болажонларимиз учун ташкил этилган байрам тадбири уларнинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолса ажаб эмас, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Сарвар Назарқосимов. – Бундан ташқари, вилоятимиздаги барча шаҳар ва туманларда истиқомат қилувчи оилавий болалар уйлари, маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар, ота-она қаровисиз қолган болажонлар учун ҳам “Президент арчаси” байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. “Президент совғалари” яна 262 нафар болажонларимизга ташкилий равишда, Янги йил арафасида жойларга олиб бориб, ўз эгаларига етказилади.
Жиззахда “Президент арчаси” байрам тадбирлари қизғин давом этмоқда.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА