Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Судьялар олий мактаби бугунги кунда мамлакатимизнинг нуфузли ўқув даргоҳларидан бири сифатида фаолият юритмоқда.
Судьялар тайёрлаш тизимини тубдан янгилаш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим қадами сифатида ташкил этилган ушбу муассасада мамлакатимизда илк бор судьяликка номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш вазифалари самарали амалга оширилаётир.
Олий мактаб ташкил этилган 2019-2020 ўқув йилида судьяларни ўқитиш учун грант асосида фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида номзодлар қабул қилинди. Мактабнинг илк битирувчилари ўз йўналишлари бўйича Судьялар олий кенгаши томонидан, танлов асосида, судьялик лавозимларига тайинланди.
Жорий ўқув йилида жиноят, иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий йўналиш бўйича қабул қилинган 73 нафар номзод таҳсил олиб, ўқув-амалий машғулотларни давом эттирмоқда.
Улар ўқув йили бошидан то жорий йилнинг апрель ойигача ўз йўналишлари бўйича назарий билимлар олиш билан бирга суд ишлари бўйича чиқарилган қонунчиликдаги янгиликлар, процессуал кодексга киритилган қўшимча ва ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганмоқда.
Тингловчилар ўқув жараёнларида олган назарий билимларни амалиётда қўллаш, касбга оид кўникмаларни шакллантириш ва руҳий тайёргарлик кўриш мақсадида судларда амалиёт ўтаяпти. Амалиёт жараёнларида ҳар бир тингловчи судьяларга бириктирилиб, «Устоз-шогирд» анъаналари асосида суд ишларини юритиш, суд муҳокамаларида иштирок этиш, ишларни тайинлаш, судга келиб тушаётган даъво аризаларининг мазмун моҳияти, суд ажримларини тайинлаш, қарор ва ҳукм лойиҳаларини ёзиш, баённомалар ва ижро варақаларининг ёзилиш тартибларини ўрганаяпти.
Шунингдек, судьянинг «Судьялар одоб-ахлоқ кодекси»га мувофиқ суд муҳокамасида ўзини тутиши, мустақиллик ва тенглик принципларига амал қилиши, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзининг ички ишончига таянган ҳолда иш олиб бориш жараёнларини кузатиб, назарий билим ва амалий кўникмаларини шакллантирмоқда.
Бугунги кунда судьяларга ҳар қачонгидан ҳам катта талаб ва масъулият юкланмоқда. Шу нуқтаи назардан, амалиёт ўтаётган бўлажак судьялар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билимларини мунтазам ошириб бормоқда. Шунингдек, бадиий асарлар мутолааси, соҳага оид янгиликларни ўрганиш ва долзарб мавзуларда илмий мақолалар ёзиб билимларини мустаҳкамламоқда.
– Бу йил таҳсил олаётган судьяликка номзодларимизга талаб янада ортди, уларнинг шахсий фазилатлари, назарий билим ва амалий кўникмларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Судьялар олий мактаби «Касбий кўникмалар» кафедраси мудири, юридик фанлари номзоди Нурали Қурбонов. – Қисқа фурсатда номзодларимизнинг назарий билими, амалий тажрибаси, касбий кўникмаси ва вақтни бошқара олиш борасидаги малакасини ошириш, уларни янгича усулларда ўқитиш, инновацион педагогик, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда асослантирилган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш уйғун ҳолда олиб борилаяпти. Ҳозирча натижалар ижобий. Барча йўналишларда таҳсил олаётган тингловчилар суд жараёнларида ҳам иштирок этиб, билимларини янада мустаҳкамлаяпти.
Давлатимиз раҳбари «Адолат қўрғони қачон пайдо бўлади? Қачонки суд органлари, судьялар қонунга, одиллик тамойилларига қатъий амал қилиб, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этса, бунга эришиш мумкин», деган эди.
Айни кунларда ўз билим ва кўникмаларини ошираётган тингловчилар ҳам Ўзбекистоннинг янги тараққиёт йўлида суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётганган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошира оладиган, адолатли судьялар бўлиб етишиб чиқади.
Шоира Эрметова,
Судьялар олий мактаби магистранти