Бўлажак чемпионлар маскани
Сирдарё вилояти спорт бошқармаси ташаббуси билан Янгиер шаҳар спорт мактабига марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ҳамда блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, бўлғуси чемпионларни тарбиялаш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида спорт мактабида яратилган шароитлар, ёш спортчиларнинг тайёргарлик жараёнлари билан танишди. 2024-2025 ўқув йилида амалга оширилаётган ишлар, 1118 нафар спортчи қамраб олинган 19 турдаги машғулот гуруҳлари, мураббийлар таркиби ва уларнинг малакаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Янгиер спорт мактабида 52 нафар ишчи ва хизматчи меҳнат қилади, – дейди мактаб директори Жаҳонгир Ўринбоев. – Улардан 19 нафари олий маълумотли, 5 нафари – олий тоифали, 28 нафари эса турли тоифадаги мураббийлар. 2025 йил 30 май ҳолатига кўра, мактабда 2 нафар спорт устаси, 30 нафар спорт устасига номзод, 224 нафар оммавий разрядли спортчи қайд этилган. Машғулотлар 19 турдаги спорт йўналишларида олиб борилади.
Футбол, волейбол, академик эшкак эшиш, қиличбозлик, шахмат ва пара шахмат машғулотлари спорт мактабида, қолганлари эса шаҳар умумтаълим мактаблари ва бошқа спорт иншоотларида ўтказилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари очиқ сузиш ҳавзаси, сунъий қопламали футбол майдони ва спорт залидаги мавжуд шароитлар ҳамда реконструкция қилинаётган ёпиқ бассейн билан танишди. Журналистларга машғулот жараёнлари намойиш этилди, ўқувчилар ва мураббийлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбирда таъкидланганидек, спорт мактаби ёшларни жисмонан баркамол, интизомли ва мақсадли этиб тарбиялаш, миллий ва олимпия спорт турларини оммалаштиришда муҳим ўрин тутади. Жорий йилнинг биринчи ярмида 50 дан зиёд спорт мусобақалари ва оммавий спорт тадбирлари ташкил этилган.

Янгиер спорт мактаби шаҳарда соғлом турмуш тарзи, оммавий спорт ва ёшлар спорт салоҳиятини ривожлантиришда муҳим таянч маскан ҳисобланади. Шу боис, спорт мактабини қайта реконструкция қилиш, хусусан, академик эшкак эшиш спорт тури учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи” хизмати давлат унитар корхонаси буюртмасига асосан янги лойиҳа ишлаб чиқилган. Ҳозирда қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Умумий қиймати 8 миллиард 576 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳани “ART Kapital” қурилиш ташкилоти амалга оширмоқда.
Журналистлар спорт мактаби фаолиятини кенг ёритишда ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири