Бутун дунёдаги сингари Сирдарё вилоятида ҳам одам савдосига қарши кураш энг долзарб муаммолардан бири эканлигини таъкидлаш жоиз.
Одам савдосига қарши кураш бутун жамоатчиликнинг бурчи бўлмоғи лозим. Аммо нима учундир жуда кўпчилигимиз бу иш билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари шуғулланиши лозим, деган тушунча билан яшаймиз. Кўз ўнгимизда содир бўлаётган одам савдоси каби жирканч жиноятни кўриб, кўрмасликка, билиб билмасликка оламиз. Аниқроғи сен менга тегма, мен сенга тегмайман, қабилида иш тутамиз.
Барча оммавий ахборот воситалари одам савдоси билан шуғулланган ишининг охири вой, бўлишини, улар охир оқибат қонун олдида жавоб бераётганини бот-бот ёритишмасин, минг афсуски бундай жирканч иш билан шуғулланувчилар сони ҳамон учраб турибди.
Жамиятимизда, ўз атрофимизда, таниш-билишларимиз орасида тирноққа зор бўлганлар нечта? Ўғилми-қизми – фарзанд беришини Яратгандан ёлвориб сўраб юрганлар камми?!.
Сирдарёлик А.Ўринбоева 9 ой, 9 кун, 9 соат вужудида сақлаб юрган жигарбандини дунёга келтирди. Аллоҳ унга дунёдаги энг бебаҳо неъмат – шириндан-шакар қиз берди. Лекин у 9 ой вужудида кўтариб юриб, ўлим ва ҳаёт орасида турган ҳолда дунёга келтирган фарзандини сотиш эвазига тезда бойиб кетишни, ёшлигида таралло қилиб, қиммат кийимлар кийиб, қиммат машиналарда юриш пайида бўлди.
Жорий йилнинг июль ойида ўз ҳамшаҳри Х.Маматқулов билан танишиб, ҳозирда шароити оғирлиги ва моддий томондан қийналганлиги сабабли пул кераклигини, бунинг эвазига ўз фарзанди – 2019 йил 12 июлда туғилган Л.Ўринбоевани 17 минг АҚШ долларига сотишини айтади.
А.Ўринбоеванинг бундай жирканч нияти Х.Маматқуловни бефарқ қолдирмади. У виждонига қулоқ тутиб, бу тубанликни олдини олиш мақсадида Департаментнинг Сирдарё вилояти ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаларига ариза билан мурожаат қилади.
– Жорий йилнинг 21 июль куни, кундузи соат 12 лар артофида аризасига асосан Департаментнинг вилоят бошқармаси ва Сирдарё вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳар, 2-мавзе, Намуна маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Зомин” тўйхонасининг ёнидаги қурилиши тугалланмаган бинонинг ёнида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, А.Ўринбоева ўзининг 2019 йил 12 июлда туғилган фарзанди Л.Ўринбоева вояга етмаган ва ожиз аҳволдалигини била туриб, уни “махсус харидор”га 17 минг АҚШ долларига сотаётганда қўлга олинган, – дейди жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг судьяси С.Расулов. – Тезкор тадбир давомида А.Ўринбоева ўз боласини “махсус харидор”га топшириб, у томонидан берилган, махсус кимёвий ишлов берилган 17 минг АҚШ доллари миқдордаги пулларни олаётган вақтида холислар иштирокида ашёвий далил билан қўлга олинган.
Қилмагайсан, топмагайсан, деб доно халқимиз бежизга айтмаган. Ким бўлмайлик, ҳох шоҳ, ҳох гадо қонун ҳаммамиз учун баробар. Ана шу белгиланган меъёр даражаси яъни амалдаги қонунни буздикми, энди қонун олдида жавоб беришга мажбурмиз.
– Қинғир ишнинг қийиғи, 40 йилдан кейин ҳам чиқади, деб бежизга айтишмаган,. – дейди жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг судьяси Б.Мамадаминов. – А.Ўринбоеванинг содир этган қинғирлиги эса 40 кунга ҳам бормай қийиғи чиқди.
Суд, мазкур жиноят ишини ҳар томонлама ва синчковлик билан кўриб чиқиб, А.Ўринбоевани ўз айбига иқрорлигини, бундай жиноятни бошқа содир этмасликка сўз бериб, уни авф этишларини ёлвориб сўраганини инобатга олиб, у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилди ва унга ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
А.Ўринбоеванинг содир этган бу жинояти ўзбек аёлига, оналик виждонига мутлақо хос эмас. Она бўла туриб, энди бегуноҳ бир фарзанд тирик етим бўлиб ўсади...
“Таралла-бедод қилиб, мазза қилиб ёшлик завқини тотаман!” дея жирканч жиноятга қўл урган аёл ёшлигининг 5 йили энди қамоқхоналарда ўтади. Эссиз умр, эссиз аёллик, ҳайф сендайларга оналик
А.Қаюмов, ЎзА