Болани сўксанг, бети қотар...
Ички ишлар вазирлиги академиясида ташкил этилган ўқув семинарига пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида истиқомат қилаётган юзга яқин уюшмаган ёшлар жалб қилинди.
Ёшлар билан ишлаш долзарб масала. Сўнгги йилларда ёшлар муаммоларини ҳал этишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани келажагимиз ворисларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим пойдевор бўлмоқда. Бироқ орамизда фойдали машғулотлар билан банд бўлмаган, ишсизлик ёхуд турли сабаблар туфайли зарарли иллатларни одат қилган, ҳатто, жиноят кўчасига кириб қолаётган ёшлар ҳам йўқ эмас.
– Афсуски, бу масала ҳеч биримизни ташвишга солмай қўймайди, – деди Академия бошлиғи Рустам Хатамов. – Ёшлар муаммоларини ҳал этишда “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” ишлаш, улар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида тизимли чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, мазкур йўналишда ҳали қилиниши лозим бўлган муҳим вазифалар борки, бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга, кенг жамоатчилик олдидаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимлари, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими фаоллари, секторлар ва бандликка кўмаклашиш маркази вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ёшлар масалаларига оид устувор вазифалар, хусусан, вояга етмаганлар ва ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш, маҳалла, таълим муассасалари ва тегишли органлар ҳамкорлигида профилактик чора-тадбирларни кучайтириш, ёшларни олий таълим ва касб-ҳунарга йўналтириш, ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида сўз борди.
Айтиш керакки, таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан шу кунларда Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларининг криминоген вазияти мураккаб маҳаллалари атрофлича ўрганилмоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда уюшмаган ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар салмоғи сезиларли ўсган. Ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш мақсадида ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар аниқланиб, ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
– Халқимизда “болани сўксанг, бети қотар, урсанг, эти қотар”, деган мақол бор. Фарзанд тарбиясида энг катта масъулият, аввало, ота-оналар зиммасида туради. Оилада таълим-тарбия оқилона йўлга қўйилса, фарзанд ҳеч қачон нотўғри қадам босмайди. Ёшлар билан боғлиқ жиноятчиликни таҳлил қилганимизда, содир этилаётган салбий иллатлар ота-оналар, маҳалла-кўйнинг эътиборсизлиги ва бепарволиги оқибатида келиб чиқаётгани аён бўлмоқда. Демак, эртанги кунимиз билан дахлдор масалага барчамиз катта масъулият билан, бир ёқадан бош чиқариб ёндашишимиз лозим, – дейди Мирзо Улуғбек туманига бириктирилган ишчи гуруҳи вакили, подполковник Нормурод Бекмуродов.
Ўқув семинари доирасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари ва бурчлари”, “Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар. Никоҳ тушунчаси ҳамда ота-она ва фарзанд мажбуриятлари” мавзуларида ёшлар билан фикр алмашилди. Тадбир иштирокчилари ўқув даргоҳида курсантларнинг билим олиши, ўз иқтидорини намоён этиши, келажакда етук малакали мутахассис бўлиб камол топиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида таассуротларга эга бўлдилар. Айниқса, Академия тарихи музейи ҳамда пойтахтимиздаги Ғалаба боғига саёҳат ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга туртки берди.
Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати ходими.