Бугунги кунда юртимизда боғча ёшидаги болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Бу тизим тажриба-синов тариқасида 2018/2019 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида, Фарғона вилоятининг Фурқат тумани ва Қувасой шаҳрида ҳамда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Миробод, Бектемир, Учтепа, Яшнобод, Чилонзор, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида муваффақиятли амалга оширилган бўлса, эндиликда барча вилоятларга тадбиқ этилмоқда.
Айни пайтда Навоий вилоятда 6 ёшдаги болалар сони 19 минг 925 нафарни ташкил этиб, уларнинг 16 минг 932 нафари ёки 85 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган. Қамраб олинмаган болалар сони эса 2 минг 993 нафарни ташкил этади.
Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий мактабгача таълим муассасалари негизидаги бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 6 ёшли болаларни бепул мактабга мажбурий тайёрлов гуруҳлари билан қамраб олиш бўйича аниқ ва мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
– Жорий йил сентябр ойи ҳолатига вилоятнинг 9 та туман (шаҳар)идаги (Ғозғон шаҳри ва Томди туманидан ташқари) МТТларда 21 та, умумтаълим мактабларида 247 та, коллежларда 4 та, МФЙда 10 та 6 ёшли бола учун бепул мактабга мажбурий тайёрлов гуруҳлари ташкил этилди, – дейди вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бўлим бошлиғи Нигора Яхшиева. – Бугунги кунда 6 ёшли болаларнинг 6762 нафари қамраб олинди. Барча ташкилотларимизда мактабгача ёшдаги болаларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва янги имло қоидалари бўйича саводхонлигини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратганмиз. Бунда болажонларимизга алифбо ҳарфларини ўқиш ва ёзиш, қўшиш ва айириш амаллари ўргатиб келинмоқда. Мақсадимиз, боғча ёшидаги болажонлар мактабга ўқиш ва ёзишни ўзлаштирган ҳолда боришидир.
– Бу йил иккинчи фарзандим 1-синфга борди, – дейди ота-оналардан бири Роҳила Очилова. – Қизим боғчада ўқиш ва ёзишни, математик амаллардан қўшиш ва айиришни ўрганди. Тўғриси, мактабда фанларни ўзлаштиришда қийналса керак, деган ҳадик бор эди. Лекин ҳозир ўзи мустақил равишда барча ҳарфларни қўшиб, сўзларни тўлиқ талаффуз қилади, эртак китоблар ўқиб, сўзларни бир-бирига қийналмасдан қўшиб ўқияпти. Албатта бунинг барчаси МТТда олиб борилган дастлабки таълим деб биламан.
Навоий вилояти мактабгача таълим бошқармасига Вазирлик томонидан 2020-2021 йилларда қирқ турга яқин дидактик воситалар ҳамда ўқув-услубий қўлланмалар етказиб берилди.
– Албатта, боланинг шаклланишида дидактик воситалар ва ўқув-услубий қўлланмаларнинг алоҳида ўрни бор, – дейди вилоят мактабгача таълим бошқармасининг таълим сифатини таъминлаш ва инновацион технологияларни жорий этиш бўлими бошлиғи Латофат Ражабова. – Жумладан “Круги Луллия”, “Занимательная математика”, “Настольный театр” ўйин тўпламлари, “Илк қадам” мактабгача таълим муассасасининг давлат ўқув дастури, педагогларимиз учун 6 турдаги ўқув методик қўлланма, “Илм йўли”, тайёрлов гуруҳи тарбияланувчилари учун ўзбек ва рус тилларида “Иш дафтари”, шунингдек 13 турдаги пластик ўйинчоқлар, “Менинг илк қўшиқларим” мусиқа тўплами ҳамда “Умный робот Альберт” ва “Coding Robot” тўпламлари олиб келиниб, мактабгача таълим ташкилотларига тарқатилди.
Ҳозирда Навоий вилоятида 1069 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларнинг 205 тасини давлат, 6 тасини хусусий, 71 тасини давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 787 тасини оилавий боғчалар ташкил этади. 3-7 ёшли болаларни МТТларига қамров эса 66 минг 999 нафарга ёки 83,1 фоизга етди.
Агарда вилоятда МТТ лар сони 2017 йилда 132 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 1069 тага, 3-7 ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим қамров даражаси 34,1 фоиздан 83,1 фоизгача оширишга эришилди. Жумладан, 2017 йилдаги қамров даражаси энг паст бўлган Хатирчи туманида 9,1 фоиздан 83,7 фоизга, Навбаҳор туманида 12,9 фоиздан 73,8 фоизга, Нурота тумани 23,7 фоиздан 63,5 фоизга, Кармана туманида 28,5 фоиздан 72,0 фоизга етказилган.
– Вилоятдаги жами 308 та МФЙ дан 301 тасида мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд, – дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси матбуот котиби Ўткир Ўсаров. – МТТларга эга бўлмаган 7 та МФЙда давлат хусусий шерикчилиги ҳамда оилавий нодавлат МТТ лари ташкил этилишига эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги “Мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда “Ақлвой” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган ҳамда қамров кўрсаткичлари паст бўлган Конимех, Навбаҳор, Хатирчи туманлари ҳудудларида қайта жиҳозланган мобиль гуруҳлари ташкил этилди.
Маълумот учун, 2019 йилда тажриба-синов тариқасида вилоятнинг Нурота тумани “Янги ҳаёт” МФЙ Янги бино қишлоғи, “Жарма” МФЙ Хайрабод ва Жарма қишлоғида 6 та мобиль гуруҳи ташкил этилган эди. Бу кутилган натижани берди ва қамров даражаси паст бўлган бошқа ҳудудларда ҳам йўлга қўйилди. Бугунги кунда вилоятда жами 4 та туманда мобиль гуруҳларида 320 нафар 3-6 ёшли болалар қамраб олинган.






Абдували Бўриев, ЎзА