Болаликдаги орзу беғубор ва самимий бўлади
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Ота уйининг дийдори, қадри ўзгача бўлади. Айниқса, ундан узоқда яшайдиган фарзанд учун. Ҳафта у ёқда турсин, бир неча ой ўтиб ота-онанг, туғишганларинг дийдорига ошиқишдан ортиқ мароқли лаҳзалар бўлмаса керак. Пойтахтда яшаганим учун бундай ҳолатни кўп ҳис қилганман. Ҳар гал опа-сингиллар билан ота-онамни йўқлаб борганимизда болалигимизда бошимиздан кечган воқеаларни эслаймиз. Ота-онам бирор ёққа меҳмондорчиликка борса, мен дарров уларга эргашиб олар эканман. Агар олиб боришмаса, уч-тўрт кун араз қилиб юрарканман.
Яқинда дадам айтган бир воқеа барчамизни ҳайратга солди.
Дадам билан онам аммамнинг туғилган кунига борадиган бўлишганида мен ҳам уларга эргашиб олдим. “Катта қиз бўлиб қолдинг, мактаб ўқувчиси бўлсанг”, деб койишса ҳам уйда қолишга рози бўлмадим. Шундан сўнг мени ҳам олиб кетишди...
Аммамникига менга тенгдош бўлган болалар ҳам келишган экан. Улар билан қўшилиб, роса ўйнадик. Меҳмонлар суҳбатига халақит бера бошладик, шекилли, шунда аммам ҳаммамизнинг қўлимизга қоғоз ва қалам бериб, расм чизинглар, дедилар. Ёши биздан каттароқ Лазиз ака:
– Мен пахта экилган далани,тракторни чиздим. Катта бўлсам, мана шу далаларга бошлиқ бўламан, – деди.
Шу пайт энди тили чиққан Гўзал: “Мен қизни йасмини чиздим. Ойқасида кичик болалай эйгашиб кетяпти”, деди.
Болалар ичида аммамнинг ўғли Рустам ва менинг ёшимиз тенг. Ўша пайтда биз мактабга чиққанимиз боис, ақлимиз кириб қолган, чизган расмимиз ҳам шунга мос эди.
Гўзалга қўшимча қилиб: “Мен ҳам қиз расмини чиздим. У шеър ёзяпти. Катта бўлсам журналист бўламан”, дедим. Шўхлиги барчадан ортиб тушадиган Рустам эса: “Қаранглар, мен чизган расмга бир қаранглар,– деб ҳаммани ўзи томон чорлади.– Мен чизган расм ҳамманикидан чиройли. Бошида “шапка”си бор, форма кийган амакини чиздим. Мен катта бўлсам, мелиса бўламан”, деб мақтанди.
“Чизган расмингни тушуниб бўлмаяпти-ку?”, деб Алишерни масхара қилдик. Унинг расмида бир нечта узун тўртбурчак шакли чизилган, ичига 1, 3, 5, 10, 25, 50 рақамлари туширилган эди. Кулганимиздан жаҳли чиққан Алишер: “Бу пулнинг расми”, деди.
Барчамиздан ёши кичик, ҳали кўп сўзларни тўлиқ талаффуз қила олмайдиган Равшанга Гўзал бидирлаб: “Сен нимани йасмини чиздинг” , деди. Равшан бироз жим туриб: “Мен ҳеч нимани расмини чизмадим. Лекин татта бўлсам ҳаммани ҳимоя қиламан”, деди...
Ана шунгаям 23 йил бўлди. Ҳайратланарлиси шундаки, ўша куни болалар расм чизиб нимани ният қилган бўлишса, фаришталар “омийн”, дейишганми, тўлиқ рўёбга чиқди.
“Катта бўлсам далаларга бошлиқ бўламан”, деган Лазиз ака айни пайтда Қишлоқ хўжалиги вазирлигида фаолият юритмоқда. Ортидан болалар эргашган қизнинг расмини чизган Гўзал Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаб, айни кунда пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги 285-сонли давлат умумтаълим мактабида ёшлар етакчиси. Бошида “шапка”си бор, форма кийган амакининг расмини чизиб мақтанган Рустам Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси ходими, катта лейтенант. Бир нечта узун тўртбурчак шаклини чизиб, ичига 1, 3, 5, 10, 25, 50 рақамларини тушириб “ Бу пулнинг расми” деган Алишер Жиззах вилоятидаги туманлардан бирида “Халқ банки” да масъул лавозимда, “татта бўлсам, ҳаммани ҳимоя қиламан”, деган 3 ёшли Равшан Давлат хавфсизлик хизмати тизимида фаолият юритмоқда. Дафтарига шеър ёзаётган қизнинг расмини чизган камина эса Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини бакалавр ҳамда магистратура босқичини тамомлаганман.
Болаликдаги орзу беғубор ва самимий бўлади. Унга фаришталар “омийн”, дейди. Столим устидаги тақвимда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини кўриб шуларни эслагим келди.
Дилфуза Маҳкамова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори.