Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ҳар йили анъанавий тарзда махсус кўргазма ва концерт дастурлари намойиш этилади. Жорий йилда ҳам ушбу анъана давом эттирилиб, “Болалик сайёраси” номли ижодий ишлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда болаликнинг беғубор олами, орзу-истаклари ва ранг-баранг тасаввурлар акс этган.
Маълумки, галерея қошида “Улкан муваффақиятлар боши”, деб номланувчи болалар студияси фаолият юритиб келади. Унинг асосий мақсади болаларга олам гўзаллиги, нафосати ва уйғунлигини кўрсатиш, жажжи қалбларда бу гўзалликни идрок этиш ҳамда ифодалай олиш қобилиятини ўстиришдан иборат.
Машғулотлар даврида болалар Ўзбекистон Миллий банки тўпламидан ўрин олган машҳур рассомларнинг асарлари ва дунё тасвирий санъат меросини намоён этувчи хорижий ижодкорларнинг ижоди билан яқиндан танишиб боради. Турли жанрларда асарлар яратиш бўйича маҳорат дарсларида қатнашади. Санъатнинг нозик сир-асрорларини ўрганади.
[gallery-23715]
Студиянинг ёш ижодкорлари Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига ҳам алоҳида тайёргарлик кўриб, бир қатор асарлар яратди. Уларнинг ушбу ишлари мазкур кўргазмадан жой олган.
Галереянинг экспозициялар залида “Улкан муваффақиятлар боши” ва “Art Hameleon”, “Баркамол авлод”, “Авокадо”, “Меҳрли мактаб”, “Sharifart”, Арт-бюро “Колибри”, “Мастерская”, “Мороз АРТ” болалар студиялари ҳамда 10-, 18-, 19-, 26-болалар мусиқа ва санъат мактаби, Республика санъат мактаб-интернати тарбияланувчилари томонидан ишланган тасвирий санъат намуналари намойиш этилмоқда. “Менинг оилам”, “Дунё халқлари эртаклари”, “Юртим табиати”, “Эркин мавзу” йўналишидаги ижодий ишларнинг ҳар бири ўзига хос ифода услуби билан томошабинларга манзур бўлмоқда.
Кўргазма очилишида “Ария” эстрада рақс мактаби, “Табассум” ансамбли, Арт-бюро “Колибри” студиялари ўз концерт дастурлари билан иштирок этиб, барчага хуш кайфият улашди.
Тадбирда бир гуруҳ ижодкор болажонлар махсус сертификат ва совғалар билан тақдирланди.
Камола Юсупова,
Рустам Назарматов (сурат), ЎзА