Болаларни мусиқага ошно этиб
Ёш авлоднинг мусиқа ва санъатга қизиқиши ва қобилиятини ривожлантириш, ўқувчиларнинг маънавий ва эстетик ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларни миллий ва жаҳон мусиқаси, тасвирий санъатнинг юксак намуналаридан ва ўзбек халқининг мумтоз мусиқа мероси дурдоналаридан баҳраманд бўлиши учун зарур шароитлар яратиш Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг асосий вазифаси саналади.
Тошкент вилоятига уюштирган хизмат сафаримиз чоғида Янгийўл туманидаги 5-Болалар мусиқа ва санъат мактабида ёшларни санъат ва мусиқа оламига жалб этиш, уларнинг таълим-тарбияси, ўқув жараёни ва уларга яратилган шароитлар билан танишдик.
Аслида, 250 ўринга мўлжалланган мактаб бугунги кунда 900 нафардан ортиқ ёшларни ўзига қамраб олган бўлиб, тўгарак ва машғулотлар смена асосида ўтказилаётгани соҳага талаб кучайганидан далолат. Мактаб ўқувчиларининг шижоати, мусиқа ва санъатга бўлган қизиқиши нақадар кучлилиги уларнинг ёниб турган кўзларида акс этган. Самарали фаолияти туфайли юқори кўрсаткичларга эришаётган мазкур даргоҳ бошқа кўпгина мусиқа ва санъат мактабларига ўрнак бўлишга арзийди.

Сафаримиз чоғида Янгийўл туманидаги Халқобод маҳалласида жойлашган маданият марказида ҳам бўлиб, бинонинг ҳолатини ўргандик. Бино таъмирталаб ҳолатда, анчагина нураб қолган қисмлари ҳам бор.
Аммо тўгараклар фаолият олиб бормоқда, ёшларнинг санъат ва маданиятга қизиқиши кучли. Мазкур маданият марказини обод этиш ва халқободликларнинг севимли масканига айлантириш галдаги вазифаларимиз сирасига киради. Бу борада давлат-хусусий шерикчилик асосида маҳаллий тадбиркорларни жалб этишни режалаштирганмиз.
Озодбек Назарбеков,
маданият вазири