Қибрай туманида ОАВ ходимлари учун ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари болаларга яратилган шароитлар, таълим-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида пресс-тур ўтказилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда журналистларга жойлардаги давлат, хусусий ва оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти кўрсатилди. Ҳозир Қибрай туманида фаолият юритиб келаётган 103 та боғчада 9 минг 410 нафар бола таълим-тарбия олмоқда. Ҳудуд бўйича жами 3 ёшдан 7 ёшгача 12 минг 352 нафар болалар мавжуд.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб “Namuna baby” хусусий нодавлат МТТ бўлди. 2023 йилда фаолияти бошлаган мазкур боғчада ҳозирги кунда 150 нафар бола тарбияланмоқда.
– Боғчамизда 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қамраб олинган, – дейди “Namuna baby” хусусий нодавлат МТТ директори Умида Мираҳмедова. – Жами 30 нафардан ортиқ ходим, шундан 20 нафари олий маълумотли педагог фаолият юритмоқда. Улар махсус таълим дастурлари асосида саралаб олинган. Эътиборлиси, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтарида” рўйхатда турувчи оилаларнинг фарзандлари ҳам қамраб олинган.
[gallery-20856]
Икки қаватли замонавий қилиб жиҳозланган муассасада ўғил-қизлар учун барча шароит ҳозирланган. Хусусан, болажонлар учун саводхонлик ва машғулот хоналари, спорт ва ўйин майдончалари, ошхона, ётоқхона ва санитария тармоғи, иссиқлик тизими белгиланган тартибда жиҳозланган. Бу ерда мутахассислар болаларга ўзбек, инглиз ва рус тилларида таълим-тарбия беради.
Айниқса, 6-7 ёшдаги болалар мактабга тайёрлов гуруҳида илк билимларини мустаҳкамламоқда. Малакали ходимлар махсус таълим дастурлари асосида саралаб олинган. Уларнинг барчаси олий маълумотли мутахассислар. Спорт машғулотлари ва турли тўгараклар мунтазам равишда белгиланган тартибда ташкил этилган. Бунинг учун ҳар бир гуруҳга икки нафардан мутахассис бириктирилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2018 йил бу ҳудудда 1 хусусий боғча фаолият юритган бўлса, ҳозир уларнинг сони 16 тага етди. Муҳими, туманда болаларни боғчага қамровини ошириш бўйича хусусий сектор билан ҳамкорликда ишни ташкил этиш ва сифатли таълим тизимини оммалаштириш ишлари анча ривожланган.
Пресс-тур иштирокчилари 2019 йилда қайта реконструкция қилинган 300 ўринга мўлжалланган 20-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида ҳам бўлди. Ҳозир боғчада муқобил таълим тури билан мажбурий бепул тайёрлов гуруҳлари мавжуд. Шунингдек, боғча ўйинчоқлар тўпламлари, машғулотлар ўтказиш учун зарур кўргазма, тарқатма материаллар, эртак китоблари, замонавий мебель жиҳозлари, маиший техника, ошхона жиҳозлари билан таъминланган.
Шундан сўнг ОАВ ходимлари Янгиобод маҳалласида жойлашган тадбиркор Мавлуда Латипова хонадонида ташкил этилган, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан ҳам танишди. Масканда 26 нафар болалар таълим-тарбия олиб келмоқда. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
А.Мусаев,ЎзА.