Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқаролар соғлиғини сақлаш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ибн Сино» жамоат фонди ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан «Тамаки – она-табиатимизга таҳдид ” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 21 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунининг қабул қилиниши ҳамда атроф-муҳитни тамакидан ҳимоя қилиш масалаларига қаратилди.
— Ўтган йили қонун ташаббускорлари бизга ушбу қонун устида ишлаб чиқиш таклифини беришганида жудаям кўп фактларга асосландик. Тортишувларга сабаб бўлди. Жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилинди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Қизилгул Қосимова. — Ушбу қонун фарзандларимизни тамаки ва никотинли маҳсулотлар истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш, тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиш даражасини қисқартириш, юқумли бўлмаган касалликлардан барвақт ўлимни камайтириш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, тамакидан воз кечиш борасида эришилган салмоқли ютуқларга қарамай, аксарият мамлакатлар учун бу стратегик устуворлик бўлиб қолмоқда. 2019 йилда тахминан 8,7 миллион нафар одам тамаки чекиш, иккиламчи тамаки тутуни таъсири ёки тутунсиз тамаки истеъмол қилиш оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бу бутун дунё бўйича ўлим ҳолатларининг 15,4 фоизи бўлиб, ўн йил аввалги 15 фоизлик кўрсаткичдан бироз юқоридир.
— Бугун кўпчилик одамлар қаршисида турган муаммони «менга тегишли эмас», деб ҳисоблайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Дилбар Сиддиқова. — Муаммо мавжудми, у сизга ҳам, менга ҳам, дўкондорга ҳам тегишли. Тамаки маҳсулотларини вояга етмаган болаларга сотаётган тамакифуруш сотувчилар эртага унинг домига ўзининг фарзанди, набираси, яқин инсони тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмайди.
Биз агентлик томонидан ўтказилган назоратларда қатнашган пайтимиз ички ишлар ходимлари тамаки чекишга ружу қўйган болаларни олиб келишди. Уларнинг аксариятини ота-онаси зиёли. Чилонзор туманидаги рейдда фарзандимдан воз кечаман, деб ёзиб бераман, деган отага ўзим гувоҳ бўлдим. Нимага, чунки боланинг тамаки ва алкоголь ичимликларга қарамлиги шунчалар кучлики, ҳар қанча эътибор қилишмасин, фарзандини унинг домидан олиб чиқиб кетолмаяпти. Демак, болаларимизни бу иллатдан асраш учун ҳаммамиз бирдек ҳушёр бўлишимиз керак.
Тадбир ниҳоясида юртимизда тамаки истеъмол қилинишини қисқартириш нафақат саломатлик билан боғлиқ мақсадлар учун, балки барқарор ривожланиш соҳасидаги барча мақсадлар учун муҳим дастак бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА