Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Дарғабоғи” маҳалла фуқаролар йиғинида 48-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади. Лойиҳа қуввати 180 ўринга мўлжалланган мазкур боғча қурилишида пудратчи корхона “Қораун иншоот қурилиш” МЧЖ бинокорлари алоҳида жонбозлик кўрсатди. Масканга маҳаллий бюджет ҳисобидан қарийб 4 миллиард сўм маблағ сарфланиб, замонавий талаблар даражасида бунёд этилди.

Янги боғчада болаларнинг овқатланиши, дам олиши, машғулот ва тўгаракларда шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Икки қаватли шинам боғчада болажонлар учун дарс ва машғулот хоналари, мусиқа зали, ошхона ва ётоқхона, ёзги ўйин майдончалари, айвончалар, санитария ва иситиш тармоқлари шай қилинган.

Шунингдек, Бухоро тумани “Деҳча” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 39-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг янгидан қурилган биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Мазкур мактабгача таълим ташкилоти “Хондамир Қурилиш Голд” МЧЖ қурувчилари томонидан 120 ўринга мўлжалланган янги, замонавий бино барпо этилди. Лойиҳа учун 3 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

– Болажонларимиз учун шундай шинам ва қулай боғча барпо этилгани, эртамиз эгалари фарзандларимизга бўлган юртимиз эътиборининг амалдаги ифодасидир, – дейди ташкилот мудираси Солиҳа Латипова. – Энди маҳалламизда болаларни ҳар томонлама ривожлантириш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар мавжуд.

Бугунги кунда Бухоро туманида жами 135 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Шундан 34 таси давлат, 3 таси нодавлат, 20 таси давлат-хусусий шериклик асосида, 78 таси эса оилавий боғчалар ҳисобланади. Туманда 3-7 ёшдаги 13 446 нафар бола мавжуд бўлиб, улардан 10 минг нафардан ортиғи боғчаларга қамраб олинган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири