Болалар ва ўсмирларни улуғ аждодларимиз маънавий мероси, умуминсоний қадриятлар асосида маънавий камол топтириш, ижодий - интеллектуал салоҳиятларини рўёбга чиқариш болалар ижодкорлари зиммасидаги масъулиятли вазифадир.
Болалар учун яратилган асарлар уларнинг дунёқарашини кенгайтиришга, уларни эртанги куннинг чинакам қаҳрамонлари сифатида тарбиялашга хизмат қилиши зарур.
Айниқса, болаларни зарарли нашрлар, саёз китоблардан асрашимиз, улар учун янги авлод китобларини яратишни йўлга қўйиш муҳим вазифалардан саналади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги “Болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини янада такомиллаштириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган сиёсатни изчил давом эттириш, болалар ва ўсмирлар адабиётини нашр этиш тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган.
Хўш, бугун бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Болаларга йўналтирилган адабиётлар ва бошқа ноширлик маҳсулотларини нашр этиш ишлари қандай бормоқда? Болалар ижодкорлари ўртасида устоз-шогирдлик анъаналари қай даражада? Ёзилаётган ва чоп этилаётган адабиётлар болалар психологиясига қай даражада мос келади? Болалар нашрлари бўлмиш “Ғунча”, “Гулхан”, “Тонг юлдузи”, “Класс” каби газета ва журналларнинг болаларга етиб бориши ва обунаси қай аҳволда?
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгашининг навбатдаги йиғилишида шу каби долзарб саволларга жавоб изланди. Унда мазкур кенгаш аъзолари ҳамда болалар адабиётининг таниқли вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, уюшманинг Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгашининг раиси Ориф Тўхташ болалар адабиётини давр руҳига мос тарзда такомиллаштириш бугуннинг долзарб масаласи эканини таъкидлади.
– Гарчи болалар адабиёти соҳаси вакиллари самарали ижод қилаётган бўлса-да, ташқаридан уларнинг ижоди умуман сезилмаяпти, – деди болалар адибаси Кавсар Турдиева. – Ҳозир нашриёт билан ёзувчининг алоқаси йўқолди. Болалар адабиёти эътибор қаратадиган соҳадир. Унинг фойдаси ҳозир эмас, йиллар давомида ёшларнинг маънавий камолоти билан белгиланади. Тўғри гап шуки, болалар ёзувчи ва шоирларига муносиб қалам ҳақи тўланиши керак, деб ўйлайман. Китобнинг ичида муаллифнинг умр бўйи қилган меҳнати ётади. Меҳнатимиз бебаҳо, лекин у бугунги кунда қадрсиз бўлиб қолаяпти. Биз ҳамма яхши нарса болалар учун, деймиз. Лекин юртимизда болалар учун битта ҳам нашриёт бўлмаслигини нима билан изоҳлаш мумкин? Соҳага илғор технологияларни жорий этиш, ижодкорлар учун замонавий ишлаш форматига ўтиш ғоят муҳимдир.
– Ёзувчилар уюшмаси Халқ таълим вазирлиги билан ҳамкорликда болалар нашрларини чоп этиш бўйича муайян нашриёт ташкил этиш керак, деб ўйлайман, – деди болалар шоири Дилшод Ражаб. – Тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ишлаш нашрларининг жой-жойига етиб боришини таъминлашда жуда муҳим.
– Болалар адабиёти бўйича ўқувчилар фақатгина Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджоннигина билиши жуда таассуфли ҳолат, – деди болалар адибаси Муҳаббат Ҳамидова. – Ҳаким Назир, Латиф Маҳмудов, Фарҳод Мусажонов ва бошқа адибларимиз ижоди жуда мукаммал даражада эканини тарғиб этиш, болаларга кўрсатиш асосий вазифалардан.
Кенгашда ижодкорларга бугунги кун болаларнинг талабларига мос замонавий мавзулар бўйича аниқ ижтимоий буюртма беришни йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, атоқли ўзбек болалар адиблари номидаги мукофотларни жорий қилиш, уюшма томонидан “Болалар кутубхонаси” рукнида мунтазам китоблар чоп этиш, шунингдек, таниқли болалар ижодкорларига болалар адабиёти йўналишида машқ қилаётган ёш қаламкашларни бириктириб, “устоз-шогирд” анъанасини кучайтириш муҳим экани қайд этилди.
Муҳокама этилган масалалар бўйича Ёзувчилар уюшмасига таклиф ва тавсиялар киритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА