Болалар қувончига тўлди оромгоҳ
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига қарашли "Зомин" соғломлаштириш оромгоҳи "Қўриқ" қишлоғида жойлашган.
Унинг қурилгани ва фойдаланишга топширилганига унча кўп вақт бўлгани йўқ.
Ўқувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, бўш вақтини унумли ўтказиши учун оромгоҳда махсус дастур ишлаб чиқилган.

– Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида оромгоҳда дам олаётган болалар ўртасида кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, интерфаол беллашувлар ўтказилиб, инглиз, рус ва корейс тили, менталь арифметика, тасвирий санъат ва бадиий ижодга оид тўгараклар йўлга қўйилган, – дейди "Зомин" болалар соғломлаштириш оромгоҳи раҳбари Абдулазиз Шавкатов. – Жорий мавсумда оромгоҳга болалар 6 босқичда қабул қилиниб, жами 1250 нафар, 6 ёшдан 13 ёшгача бўлган дам олувчи қамраб олинади. Айни вақтда, оромгоҳда Гулистон шаҳридаги "Идеал" ўқув марказининг 250 нафар ўқувчиси дам олмоқда.

– Болалар саломатлигига жиддий эътибор қаратяпмиз, – дейди Гулистон шаҳар кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази шифокори, нейротравматолог Шуҳрат Қиличев. – Бу уларни, соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида муҳим. Ота-оналарнинг ҳам кўнгли хотиржам.

Оромгоҳ ишга тушиши натижасида бу масканда 20 нафар доимий, 35 нафар мавсумий иш ўрни ташкил этилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида тез тиббий ёрдам ва ўт ўчириш гуруҳи, ички ишлар, Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходимларининг узлуксиз навбатчилиги ташкил этилган.
– Ёшим ўнда, – дейди Сирдарё туманининг "Деҳқонобод" маҳалласида яшовчи, "Идеал" ўқув марказининг 3-синф ўқувчиси Шодибек Аҳтамқулов. – Бу йилги ёзги таътил жуда мароқли ўтяпти. Сабаби, биринчи бор ёзги оромгоҳда, табиат қўйнида ҳордиқ чиқаряпман. Спорт ўйинлари ва мусобақалар ташкил этиляпти, янги дўстлар орттиряпман.

Оромгоҳда ҳафтанинг ҳар бир куни алоҳида номланиб, ўқувчиларга кун мавзусига оид билимлар бериб борилмоқда. Бу каби тадбирлар дам олувчи болажонларга бирдек ёқяпти.
– Болаларни шод, қувноқ елиб-югуришларини кўриб болалигим ёдимга тушди, – дейди "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди Сирдарё вилоят бўлими бошлиғи, педиатр Юлдуз Усмонова. – Биз, болажонлар саломатлиги учун асқотадиган витаминлар комплексини келтирдик. Бу мавсум давомида болалар саломатлигини асрашда, зарур вақтларда тиббий ёрдам кўрсатишда ёрдам беради.

Шуҳрат Суяров, ЎзА