Болалар отаси қарамоғига ўтди
Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят Косон туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор О.У.дан ундирувчи Ш.А. фойдасига 2 нафар фарзандларини ўз тарбиясига олиб бериш белгиланган.
Болаларнинг онаси бевақт ҳаётдан кўз юмгач, улар тоғасининг қарамоғида қолган. Тоғаси О.У. эса вояга етмаган 6 ва 7 ёшли болаларни отасига беришни хоҳламаган. Отаси болаларни тинч йўл орқали, анча ҳаракатлар билан ололмагач, судга мурожаат қилиб, муаммони суд тартибида ҳал қилишга қарор қилган.
– Ушбу ижро ҳужжати бюронинг Косон туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва шу куннинг ўзида ижро ишини юритиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, тарафларга маълум қилинган, – дейди МИБ Косон туман бўлими давлат ижрочиси Сирожиддин Зоиров. – Аммо қарздор давлат ижрочиларининг огоҳлантиришларига қарамасдан, болаларни ўз ихтиёри билан топширишдан бош тортди. Шундан сўнг, болалар мажбурий тартибда ўз отасига олиб берилди. Шу сабабли, ҳужжат ижроси амалда тамомланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА