Болалар меҳнати тақиқланмоқда (ми?)
Хабарингиз бор, ҳозир Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бўлиб ўтмоқда.
Қонун лойиҳасида Конституциянинг 37-моддасида мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланади ҳамда қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади, деган нормани киритиш орқали болалар меҳнатини конституциявий даражада тартибга солиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур таклифнинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши бизга нима беради? Унинг зарурати нималарда кўринади? Шу ва шу каби бошқа саволлар жавоб олиш учун Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири Бекзод НАРИМАНОВга мурожаат қилдик.
— Шахсан мен жуда ўринли ва долзарб таклиф деб биламан. Биз ўзбекларни кўпчилик «болажон халқ» деб айтишади. Лекин охирги вақтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда гувоҳи бўлаётган воқеалар ушбу таърифга умуман тескари бўлмоқда.
Ҳақли савол туғилади: нега кундалик ҳаётимизда Самарқандда бўлгани каби болалар ҳаёти билан боғлиқ резонансли воқеалар ижтимоий тармоқларда кўп кузатилмоқда? Мазкур ҳолатларни кўриб, ҳар бир ота-онанинг дили хира бўлмоқда. Мазкур муаммоларнинг илдизи кўплаб омилларга боғлиқ.
Таъкидлаш жоизки, болалар бозор муносабатларига ўтишда, иқтисодий тангликда энг кўп азият чекиши мумкин бўлган аҳоли қатлами саналади.
Аслида, болалар меҳнатига қарши кураш бўйича ташкилий чоралар анча олдин белгиланган. Тараққиёт стратегиясининг 85-мақсади доирасида “норасмий ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларда ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш” вазифаси белгиланган эди.
Хўш, Ўзбекистон қўшилган Халқаро меҳнат ташкилотининг Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги Конвенцияга кўра, «болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари» атамаси нималарни қамраб олади?
Улар қуйидагилар:
– қулликнинг барча шакллари ёки қулликка ўхшаш амалиёт, масалан, болаларни сотиш ва уларнинг траффиги, қарз асосидаги қарамлик ва крепостной тобелик, шунингдек, зўраки ёки мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалардан қуролли можароларда фойдаланиш учун уларни зўрлаб ёки мажбурлаб жалб қилиш;
– фоҳишабозлик билан шуғулланиш, порнография маҳсулотлари тайёрлаш ёки порнографик томошаларда иштирок этиш учун боладан фойдаланиш, уни ёллаш ёки уни таклиф қилиш;
– қонунга хилоф фаолият билан шуғулланиш учун, хусусан, тегишли халқаро шартномаларда белгилангани каби, наркотиклар тайёрлаш ва сотиш учун боладан фойдаланиш, уни ёллаш ёки уни таклиф қилиш;
– бажариш хусусиятлари ёки шароитига кўра болалар соғлиғи, хавфсизлиги ва маънавиятига зиён етказиши мумкин бўлган ишлар.
Бугун Ўзбекистон томонидан мазкур Конвенция нормаларининг ижроси тўлиқ таъминланган. 2019 йил 1 апрель куни Брюссел шаҳрида эълон қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани эътироф этилганини алоҳида қайд этиб ўтишни истардим.
Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилган.
Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилотининг 2022 йилги маълумотларига кўра, мамлакатда пахта етиштириш соҳасини ислоҳ қилиш жараёни бошланганидан буён ўтган етти йил мобайнида пахта етиштиришда давлат буюртмаси тизимини бекор қилиш асосида икки миллионга яқин бола болалар меҳнатидан озод қилинган.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 15 январдаги қарори билан тасдиқланган «Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисида»ги низомда вояга етмаганлар меҳнатидан қуйидаги ишларда:
ер ости, сув ости, хавфли баландликда ёки ёпиқ муҳитда бажариш;
хавфли механизмлар, асбоб ва ускуналар билан боғлиқ бўлган;
хавфли буюмлар ёки жараёнлар, ҳарорат, шовқин ёки тўлқинланиш даражасининг юқори таъсирида вояга етмаганларнинг соғлиғига зарар етказишга олиб келадиган зарарли шароитлардаги;
оғир меҳнат шароитларида бажариладиган (иш вақтининг давомийлиги узоқ бўлган, тунги ишлар ва бошқалар билан боғлиқ бўлган);
ўзининг хусусияти билан бундай тоифадаги ходимларнинг ахлоқ-одобига зарар етказадиган;
белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтариши ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, иш вақтининг муддати ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир давлат боланинг иқтисодий эксплуатациядан ҳамда унинг соғлиги учун хавф-хатар етказиши мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган ёхуд соғлиғи, жисмоний ақлий, маънавий ахлоқий ва ижтимоий ривожланишига зарар келтирадиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиниши ҳуқуқини таъминлаши лозим.
Жаҳон ва минтақамизда юзага келган ўта мураккаб иқтисодий-ижтимоий шароитда давлатимиз шундай вазифа ва масъулиятни ўз зиммасига олиши жуда юксак ва қатъий сиёсий ирода намунасидир. Мазкур халқчил норманинг Конституцияга киритилиши болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий ҳуқуқий тизимимизни янги босқичга олиб чиқади деб умид қиламан.
Н.Тошпўлатова